Миграция муносабатларига оид лойиҳа масъул қўмитага қайтарилди
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Миграция соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишга оид атама ва тушунчалар барча қонун ҳужжатларида бирхиллаштирилмоқда. Жумладан, амалдаги бир қатор кодекс ва қонунлардаги “доимий яшаш жойи”, “вақтинча турган жойи” каби тушунчалар тегишли тарзда “яшаш жойи” ва “турган жойи” тушунчаларига алмаштирилмоқда.
Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳмонхоналар, мотеллар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналари, санаторийлар, даволаш пансионатлари, давлат тасарруфидаги ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналарда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар киритилмоқда. Яъни, меҳмонхона, мотель, санаторий ва даволанишга келган хорижликлар “E-mehmon” ахборот тизими орқали рўйхатга киритилмаса, масъуллар жавобгарликка тортилади. Бу туризм ва хизматлар соҳасининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда яширин иқтисодиёт кўламини қисқартиришга хизмат қилади.
Умуман, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонунчиликни ўзаро мувофиқлаштиришга, миграция муносабатларини замонавий талаблар асосида тартибга солишга, фуқаролар учун қулайлик яратишга ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини бирхиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан қатор саволлар ўртага ташланди, таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 5 баравари, мансабдор шахсларга эса 20 баравари миқдорида жарима солиниши белгиланмоқда. Жарима миқдоридаги тафовут эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Яъни, паспортсиз фуқарони хонадонга вақтинча қўядими, меҳмонхона ёки касалхонага ётқизиладими, бунинг оқибати, хавфи бир хил бўлади. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни меҳмонхоналар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналарига қабул қилиш тартиби нималардан иборат эканлиги кўрсатилмаган.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасидаги айрим нормаларни такомиллаштириш мақсадида лойиҳа масъул қўмитага қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА