Ўзбекистон ва Жанубий Африка савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Жанубий Африка Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда саноат соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Жанубий Африка Республикаси савдо, саноат ва рақобат вазири Паркс Таю билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди.
Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувда жорий йил кузида қарийб 50 та Ўзбекистон компаниясидан иборат бизнес миссиясини Жанубий Африканинг Ёханнесбург шаҳрига ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ташриф доирасида Жанубий Африка бизнес вакиллари билан манзилли B2B учрашувларини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Томонлар, шунингдек, икки мамлакат ўртасида Ҳукуматлараро комиссияни ташкил этиш, савдо ва инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилишга оид битимларни тайёрлаш ҳамда Преференциал савдо тўғрисидаги битим устида иш бошлаш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Жанубий Африка ўртасидаги иқтисодий шерикликни янги йўналишларда ривожлантириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА