Мирзачўлни ўзлаштирган авлод ҳақида янги монография
Сирдарё вилояти Ахборот-кутубхона марказида Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ҳамкорлигида «Мирзачўлни Гулистонга айлантирган авлод» номли янги монография тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Сирдарё заминининг бугунги қиёфасини яратишда фидокорона меҳнат қилган авлод вакиллари, нуронийлар, журналистлар, зиёлилар ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Тадбир аввалида «Нуроний» жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан муборакбод этиб, янги монографиянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Дарҳақиқат, айрим китоблар борки, уларни ўқир экансиз, тарих шунчаки саналар ва рақамлардан иборат эмаслигини ҳис қиласиз. Уларнинг ҳар бир саҳифасида инсон тақдири, меҳнат, орзу ва матонат акс этади. «Мирзачўлни Гулистонга айлантирган авлод» ана шундай асарлар сирасига киради.

Китоб номи биланоқ ўқувчини бир даврга — Мирзачўлнинг кенг ва машаққатли ўзлаштирилиш йилларига етаклайди. Бир пайтлар бепоён чўл бағрида ҳаёт барпо этиш, сувсиз ерларга сув чиқариш, янги қишлоқ ва шаҳарларга асос солиш, табиатни ўзгартириш учун инсондан улкан ирода ва матонат талаб этилган. Бугунги Гулистон ва Сирдарё воҳасининг обод қиёфаси ана шу машаққатли меҳнатнинг самарасидир.
Янги монография Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Мунаввар Пардаев ҳамда Гулистон давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари доценти Собиржон Исмоилов ҳаммуаллифлигида яратилган.

Асарда, аввало, Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Сирдарё вилояти бўлимининг кейинги 30 йиллик фаолияти кенг ёритилган. Жамғарма фаолиятининг ҳуқуқий асослари, амалга оширилган ишлар, муҳим ташаббуслар ва уларнинг натижаларига оид маълумотлар китобдан ўрин олган.
Бироқ монографиянинг мазмуни расмий маълумот ва ҳисоботлар билангина чекланмайди. Унда Сирдарё нуронийларининг жамият ҳаётидаги ўрни, мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссаси, ёш авлод тарбияси, маънавий-маърифий ишлар ва жамоатчилик ташаббусларидаги иштироки ҳам кенг ёритилган.
Зеро, нуроний — ҳаёт мактабининг катта тажрибасига эга инсон. Унинг хотирасида кечаги куннинг кўплаб воқеалари, инсонларнинг тақдири ва меҳнати сақланади. Шу боис нуронийлар ҳақида ёзиш — бир авлод ҳақида ёзиш баробарида, бутун бир давр хотирасини асраб қолиш демакдир.

Мирзачўлни ўзлаштирган авлоднинг ҳаёт йўли эса алоҳида эътирофга лойиқ. Чўлга сув олиб келиш, ерни унумдор қилиш, оғир шароитда меҳнат қилиш ва шу заминда янги ҳаёт барпо этиш — бу ишлар ортида минглаб инсонларнинг сабр-тоқати, жасорати ва фидойилиги мужассам.
Китобнинг номи ҳам бежиз танланмаган. Мирзачўлни Гулистонга айлантирганлар — аввало, фидойи инсонлар эди. Улар чўл бағрида янги ҳаёт учун замин яратдилар, обод масканлар барпо этдилар, ўз меҳнати билан келажак авлод учун мустаҳкам пойдевор қолдирдилар.

Монографияда нуронийларнинг бугунги фаолиятига ҳам муносиб ўрин ажратилган. Улар ёшлар билан учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар, жамоатчилик ишлари ва турли хайрли ташаббусларда фаол иштирок этиб, ўз ҳаётий тажрибасини ёш авлодга етказиб келмоқда.
Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари Акбарали Мирзааҳмедов, Баҳром Боймуродов, фахрий журналист Тоҳир Самиев ва бошқалар янги китобнинг аҳамияти, унда жамланган тарихий маълумотлар ва нуронийлар фаолиятининг ёритилиши хусусида фикр мулоҳазаларини . билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай асарлар ўтмишни ёдга олиш билангина чекланмайди. Улар бугунги авлодга тинч ва фаровон ҳаёт, обод шаҳар ва қишлоқлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаганини, уларнинг замирида катта меҳнат, сабр ва фидойилик борлигини англашга ёрдам беради.

«Мирзачўлни Гулистонга айлантирган авлод» монографияси ҳам ана шу маънавий вазифани бажаради. Унда тарихий хотира, инсон қадри ва авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик уйғунлашган.
— Таъкидлаш жоизки, «Мирзачўлни Гулистонга айлантирган авлод» Мунаввар Пардаевнинг нуронийлар ҳаёти ва «Нуроний» жамғармаси фаолиятига бағишланган илк асари эмас. Бунга қадар адибнинг «Нурли манзиллар», «Қадр ва қадрият», шунингдек, Баҳор Хобекова билан ҳаммуаллифликда яратган «Навқирон Сирдарё нуронийлари» номли китоблари китобхонларга тақдим этилган.
Янги монография эса ушбу изланишларнинг мантиқий давоми сифатида юзага келган. Асарда нуронийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, бой ҳаётий тажрибаси ва ибратли фаолияти билан бир қаторда, авлодлар хотирасини асраш, ўтмиш сабоқларини келажакка етказиш ғояси ҳам чуқур ифодаланган. Зеро, кечаги кунни қадрлаган жамиятгина бугунги ютуқларининг ҳақиқий қимматини англайди ва эртанги кунга ишонч билан қадам қўяди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова.

Тадбир сўнггида «Нуроний» жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев адиб Мунаввар Пардаевга китобни яратишдаги меҳнати учун миннатдорчилик билдирди. Адибга тўн ёпилиб, тадбир иштирокчиларига мазкур китоблардан совғалар улашилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири