Бизнес-омбудсман – EUROUZ: ўзаро ҳамкорлик механизмларини кенгайтиришга келишиб олинди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев ҳамда Европа–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси – EUROUZ бош котиби Атабек Алимжонов билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Европа ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган учрашувнинг асосий мавзуси бизнес ҳамжамияти ва давлат институтлари ўртасида самарали мулоқот механизмларини ривожлантириш бўлди.
Жумладан, EUROUZнинг Европа ишбилармон доиралари билан алоқалари, тадбиркорларнинг фикр ва таклифларини умумлаштириш борасидаги тажрибаси ҳамда ушбу имкониятлардан Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш йўлида фойдаланиш истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Учрашувда халқаро бизнес уюшмалари билан тажриба алмашиш, тадбиркорликка оид тизимли масалаларни биргаликда ўрганиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш имкониятларига қизиқиш билдирилди. Келгусида EUROUZнинг бизнес мулоқотлари ва экспертлик ташаббуслари доирасида алоқаларни давом эттириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА