Ўзбекистон ва ХВЖ истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширади
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Осиё ва Тинч океани бўйича минтақавий ваколатхонаси директори Такаши Нагаока бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари, қўшма таҳлилий тадқиқотларни амалга ошириш ва иқтисодий соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Япония Ҳукумати ва ХВЖ ҳамкорлигида амалга ошириладиган “JISPA” дастури ҳақида ҳам маълумот берилди. Дастур давлат секторида фаолият юритаётган истиқболли мутахассисларга Япониянинг етакчи университетларида иқтисодий сиёсат, макроиқтисодий таҳлил, давлат молияси ва институционал бошқарув йўналишларида магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиш имконини беради.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, таълим жараёнида назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмаларни шакллантириш, халқаро тажриба алмашиш ва замонавий иқтисодий ёндашувларни ўзлаштиришга эътибор қаратилади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган мутахассисларнинг вазирликдаги фаолиятини давом эттириши иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ва истиқболли ташаббусларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА