Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг айрим туманлари чегаралари ўзгартирилмоқда
Сенат ялпи мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Самарқанд шаҳри ҳудудини кенгайтириш, унинг инвестицион ва туристик жозибадорлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, юқори технологияли саноат ва замонавий хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш мақсадида Сенат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Самарқанд шаҳри вилоятда аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Шаҳар чегараларининг кенгайиши аҳоли зичлигини камайтириш, транспорт қатновини яхшилаш, тирбандликларнинг олдини олиш ва замонавий шаҳар инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Самарқанд шаҳри таркибига 17 минг 226,5 гектар ер майдони қўшилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, маъмурий-ҳудудий бошқарувни оптималлаштириш мақсадида Самарқанд туманини тугатиш ва 28 минг 295 гектар ер майдонини Тойлоқ туманига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида кўрилаётган масаланинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, шаҳар аҳолиси сони 880 мингга етиб, “аҳолиси бир миллион бўлган шаҳар” мақомига яқинлашиши, янги ер майдонларида кичик саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этилиши, хизмат кўрсатиш, туризм ва қурилиш соҳаларида минглаб янги иш ўринлари яратилиши қайд этилди.

Айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларини сақлаб қолиш ва экологик мувозанатни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилди. Ўтказилаётган 6 минг 263 гектар ер майдонининг тоифалари ўзгартирилмай сақлаб қолинмоқда.
Мазкур масала тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашлари ҳамда вилоят кенгашида кенг муҳокама қилиниб, маъқулланган.
Сенаторлар вилоят чегараларининг ўзгартирилиши Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини яхшилаш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун шаҳарнинг жозибадорлигини ошириш, туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун имконият яратиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш, шунингдек, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА