Ўзбекистон ва Хитой: божхона аудити соҳасида ўзаро тажриба алмашилди
Хитой Халқ Республикаси Божхона бош бошқармаси делегациясининг Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасига ташрифи доирасида божхона аудити соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ишчи учрашувлар ва тақдимотлар ташкил этилди.
Учрашувлар давомида Хитой томони божхона аудитини ташкил этиш, аудиторлик текширувларини амалга ошириш амалиёти, хавфларни бошқариш механизмлари ҳамда замонавий таҳлил усулларини қўллаш бўйича ўзининг илғор тажрибасини тақдим қилди.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси мутахассислари эса мамлакатимизда божхона аудитини ўтказишнинг ҳуқуқий ва амалий асослари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолиятини таҳлил қилиш, божхона қийматини назорат қилиш, товарларни таснифлаш ҳамда давлат идоралари ўртасида ахборот алмашинувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, икки мамлакат мутахассислари иштирокида ўтказилган муҳокамаларда божхона аудити соҳасидаги илғор ёндашувлар, мавжуд муаммо ва чақириқлар, уларни бартараф этишнинг самарали механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар божхона аудитини рақамлаштириш, хавфларни баҳолаш тизимларини такомиллаштириш, таҳлилий салоҳиятни ошириш ва соҳада халқаро стандартларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувлар якунлари бўйича божхона аудити соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, мутахассислар ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, қўшма ўқув дастурлари ва тажриба алмашиш тадбирларини мунтазам ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Таъкидланганидек, мазкур мулоқотлар Ўзбекистон ва Хитой божхона хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳага замонавий бошқарув ва назорат механизмларини жорий этиш ҳамда божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА