Ўзбекистон ва Германия фармацевтика саноати вакиллари ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Германиянинг тадқиқотга асосланган фармацевтика компаниялари уюшмаси вакиллари – бошқарувчи директор доктор Маттиас Меерганс ва Мюлльнер Ангела Маргарета ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини трансформация қилиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда тармоқни инновацион ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Томонлар фармацевтика саноатида инновацион технологияларни жорий этиш, клиник тадқиқотлар инфратузилмасини халқаро талаблар асосида кенгайтириш, шунингдек, илм-фан ва таълим тизимини амалиёт билан интеграция қилиш каби долзарб масалаларни чуқур муҳокама қилди.
Хусусан, Германиянинг илғор фармацевтика компаниялари тажрибаси асосида Ўзбекистонда замонавий илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонни минтақавий фармацевтика марказига айлантириш бўйича олиб борилаётган стратегик ишлар алоҳида қайд этилди.
Германия томони мамлакатимизда халқаро стандартларга мос инновацион экотизимни шакллантиришда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига илғор рақамли ечимларни татбиқ этиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш, хусусан, ёш мутахассисларнинг малакасини халқаро даражада ошириш бўйича амалий ёндашувлар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар илм-фан ва саноат интеграциясини кучайтириш, фармацевтика соҳасидаги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича келишувга эришди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон фармацевтика бозорига Европанинг илғор тажрибалари ва инвестицияларини жалб этишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Маълумот учун: Германиянинг тадқиқотга асосланган фармацевтика компаниялари уюшмаси мамлакатдаги энг йирик инновацион фармацевтика компанияларини бирлаштирувчи нуфузли ташкилот ҳисобланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА