Ўзбекистон ва Беларусь фанлар академиялари илмий ҳамкорликни янада кенгайтиради
Минск шаҳридаги Беларусь Республикаси Миллий фанлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, академик Шавкат Аюпов ҳамда Беларусь Республикаси Миллий фанлар академияси Президиуми раиси Владимир Караник ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига олий даражадаги давлат ташрифи доирасида ташкил этилди.
Учрашувда икки мамлакат фанлар академиялари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, математика, ядро физикаси, кимё, материалшунослик, биотехнология, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа устувор йўналишларда инновацияларни тижоратлаштириш ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, илмий марказлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ёш олимлар алмашинувини йўлга қўйиш ва қўшма илмий тадбирларни мунтазам ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Олий даражадаги ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Беларусь Республикаси Миллий фанлар академияси ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик соҳасидаги Англашув меморандуми икки давлат президентлари ҳузурида имзоланди. Музокаралар давомида меморандумда белгиланган устувор йўналишлар бўйича амалий ишларни жадаллаштириш, қўшма илмий дастурлар ва лабораторияларни йўлга қўйиш, инновацион ишланмаларни биргаликда амалга ошириш ҳамда халқаро илмий грантлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ чораларни амалга оширишга келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар илм-фан ва инновациялар Ўзбекистон–Беларусь стратегик шериклигининг муҳим йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ўзаро манфаатли илмий ҳамкорликни изчил ривожлантириш, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва замонавий технологияларни яратишга қаратилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди. Шу билан бирга, қўшма ишчи гуруҳ тузиш ҳамда ҳамкорликнинг амалий “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
ЎзА