Ўзбекистон ва АҚШ: юридик таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Адлия вазирлигига “White & Case” халқаро юридик фирмаси ҳамкори, АҚШ - Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм ташриф буюрди.
Адлия вазири Акбар Тошқулов билан учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги йўналишлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида халқаро инвестиция арбитражи соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда юридик хизматлар бозоридаги замонавий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар юридик таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, талабалар ва ёш мутахассислар учун халқаро арбитраж ва инвестиция ҳуқуқи йўналишларида семинарлар, маҳорат дарслари ҳамда стажировка дастурларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашувда халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА