Ўзбекистон U-20 Осиё кубоги йўлланмасига бир қадам қолди
2027 йилги Осиё кубоги саралашида Ўзбекистон U-20 терма жамоаси гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Ажойиб юришни давом эттираётган ёшларимиз финал босқичига чиқиш учун ҳал қилувчи синов олдида турибди.
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси 2027 -йилги Осиё кубоги саралашида юз фоизлик натижа қайд этиб, «Б» гуруҳи пешқадамлигини мустаҳкамлади. Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги жамоа дастлабки икки учрашувда 6 очко жамғарди.
Ёшларимиз аввал Бангладешни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, иккинчи турда Ҳиндистон устидан йирик — 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Ўзбекистон икки учрашувда рақиблар дарвозасига 6 та гол йўллади ва бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормади. Иккинчи турда Сурия Бангладешни 3:0 ҳисобида таслим этди ва дастлабки очколарини қўлга киритди. Натижада Ўзбекистон 6 очко билан гуруҳни бошқариб турибди.
Сурия ва Ҳиндистон ҳисобида 3 тадан очко мавжуд, Бангладеш эса ҳозирча очко жамғара олмади. Энди барчаси сўнгги турда ҳал бўлади. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси 6-сентябр куни Сурияга қарши майдонга тушади. Вакилларимизга ушбу учрашувда мағлуб бўлмасликнинг ўзи кифоя. Ғалаба ёки дуранг Ўзбекистоннинг «Б» гуруҳида биринчи ўринни эгаллаши ва 2027-йилги U-20 Осиё кубоги финал босқичига йўл олишини таъминлайди.
Улуғбек Ҳошимов, ЎзА