«Нефтчи» ўз майдонида жанговар дуранг қайд этди
Элит Осиё чемпионлар лигасининг 5-туридан ўрин олган «Нефтчи» ва «Ал Ҳилол» жамоалари ўртасидаги учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.
Фарғонада ўтган баҳсда меҳмонлар биринчи бўлимда икки гол фарқи билан олдинга чиқиб олди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 21-дақиқада Иброҳимхалил Йўлдошевнинг дарвозабонга тўп узатишдаги хатосидан унумли фойдаланган Олли Уоткинс ҳисобни очди. 28-дақиқада эса Уоткинснинг узатмасидан кейин Габриэл Мартинелли бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол этиб, «Ал Ҳилол» жамоасини 2:0 ҳисобида олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда «Нефтчи» вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлди. 49-дақиқада Икромжон Алибоевнинг чап қанотдан узатган тўпини дарвозабон Яссин Буну қайтарди. Қайтган тўпни Аброрбек Исмоилов кучли зарба билан дарвозага жойлаб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди.
Шунингдек, 57-дақиқада Алишер Одилов бош билан киритган тўп ҳакам томонидан VAR тизими орқали кўриб чиқилгач, ўйиндан ташқари ҳолат сабабли ҳисобга олинмади. 63-дақиқада эса Ботирали Эргашев Олли Уоткинснинг хавфли зарбасини қайтариб, жамоасини яна бир голдан қутқарди.

«Нефтчи»нинг саъй-ҳаракатлари 70-дақиқада самара берди. Алишер Одиловнинг зарбасини дарвозабон қайтарганидан сўнг тўп Юсуф Акчичекка тегиб, «Ал Ҳилол» дарвозасидан жой олди. Шу тариқа ҳисоб тенглашди — 2:2.
«Истиқлол» стадионида ўтган учрашувни 18 минг 867 нафар мухлис кузатди. Қайд этилган дурангдан сўнг «Нефтчи» мусобақадаги очколарини 5 тага, «Ал Ҳилол» эса 10 тага етказди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА