Футболчиларимиз муҳим ўйинда ишончли ғалаба қозонди
Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи учрашувлари давом этмоқда. Мусобақанинг «Е» гуруҳида иштирок этаётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси иккинчи турда Ямайка вакилларига қарши майдонга чиқди.
Учрашувда ҳисобни 8-дақиқада ямайкалик Келвин Браун очди. Бироқ, орадан бир дақиқа ўтиб, терма жамоамиз аъзолари мувозанатни тиклади. Абубакир Раҳимовнинг зарбасини дарвозабон қайтарди, қайтган тўпни эса Лазиз Абдураимов голга айлантирди — 1:1. 25-дақиқада Келвин Браун яна бир бор гол уриб, Ямайкани олдинга олиб чиқди. 31-дақиқада Миржамол Анваров узатган тўпни Суҳроб Садиржонов аниқ зарба билан якунлаб, ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда ҳам терма жамоамиз ҳужумкор ўйин намойиш этди. 47-дақиқада Асилбек Алиевнинг узатмасидан сўнг Суҳроб Садиржонов ўзининг иккинчи голини уриб, Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 58-дақиқада эса Асилбек Алиевнинг навбатдаги узатмасини голга айлантирган Садиржонов хет-трик қайд этди. 79-дақиқада Амирхон Эркинов рақиб дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни 5:2 кўринишига келтирди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларнинг иккинчисида Аҳрорбек Равшанбеков узоқ масофадан тўпни дарвозага жойлаб қўйди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги иккинчи учрашувида Ямайка устидан 6:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақадаги илк уч очкосини жамғарди.
Энди Сергей Чигодаев бошчилигидаги жамоамиз гуруҳ босқичининг сўнгги турида 26 ноябрь куни Италия ўсмирлар терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА