Ўзбекистон – Тожикистон: Қондош-қадрдон
“Қўшнинг тинч – сен тинч” деган гап беҳуда айтилмаган-да. “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал” деган қаймоқ мақолимиз ҳам бор. Бинобарин, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан дўстона муносабати кўп элларга ўрнак бўларли тажрибага айланиб бораётгани ҳам сир эмас.
Сўнгги 10 йиллик маълумотга кўра, юртимизга келаётган сайёҳларнинг асоси яқин қўшниларимиз ҳисобига тўғри келади. Чегарадаги қўша-қўша ўтиш йўллари самимий, қадрдон қўшнилар кўнгил эшигидек тун-у кун очиқ. Қачон истасангиз, хоҳланг машина ёки автобусда, шошилсангиз учоқда... марҳамат!
Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, ўта самимий, дўстона интилиши туфайли бир пайтлар соғинчга айланган қариндошлик риштаси, қўшнилар билан қон-қардошлик анъаналари кўзи ёпилиб қолган булоқнинг очилишидек, инсонларнинг меҳр-оқибатга ташналигини қондирди.

Ўрни келганда ўтмишдаги чегарадан ўтиш машаққатини бир эслайлик. Қирғизистон, Тожикистон чегараларидаги азобли кутиш, ҳужжат сансоларлиги, чегарадаги миналардан кўрилган зарар ва аянчли оқибат бугун эртакка айланди. Шукур-ки, борди-келди, тўй-маъракада қатнашиш ташвишидан ҳамманинг кўнгли тўқ.
Ўтган аср 80-йиллари бошида юртимизда тожик адабиёти ва санъати ўн кунлиги бўлиб ўтиши олдидан Тожикистон ва Ўзбекистон халқ артисти Жўрабек Муродов ўзбек зуллисоний шоири Ўлмас Жамол ғазали асосида қўшиқ яратиб, илк бор Тошкентда куйлади. Орадан шунча вақт ўтса-да, бу наво икки халқ тотувлиги, бирлиги рамзи ўлароқ, қон-қардошлик мадҳиясига айланиб яшаб келяпти:
Тожикистон ўғлидурман, ўзбегим гуфто писар,
Рост гўям, ҳар кадоме севгилимдур жон қадар,
Она деб айтсам бировин, ул бири менга падар,
Ҳамчу ду чашми сиёҳам икки халқ ҳам мўътабар,
Меҳру ёдаш дар вужудам порлаган шамсу қамар.
Аз қадим ўзбегу тожик эт билан тирноқ эрур,
Қон-қариндошлик шиораш қўлида байроқ эрур,
Бир-бирин меҳмонга чорлаб, йўлида муштоқ эрур,
Тоқати ҳижрон надорад, васлига чанқоқ эрур,
Ушбу дўстлик ҳар қадамда боргуси фатҳу зафар...
2025 йил 31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари томонидан имзоланган тарихий ҳужжат – “Абадий дўстлик тўғрисида”ги “Хўжанд декларацияси” номи билан тарихга кирган ҳужжат уч мамлакат ўртасидаги чегара муаммосига ҳуқуқий нуқта қўйиб, минтақада яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Яқинда Тожикистон Республикаси раҳбари Эмомали Раҳмон Турсунзода туманидаги янги бинолар очилиши чоғи бир гуруҳ фаоллар билан туманнинг истиқболдаги режалари хусусида фикрлашиб, ўзбек мактаблари қурилиши, бу масканларни дарслик билан таъминлаш, олий таълим тизимида ўзбек тили факультетлари очиш бўйича соҳа мутасаддиларига тегишли вазифаларни белгилаб берди. Бу жамоатчилик томонидан миллатлар аро тотувлик бағрикенглик рамзи сифатида қабул қилинди.

Мамлакатимиздаги тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субҳонова айни мавзудаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Мазкур воқеа икки дўст мамлакат алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу қадамдир. Президентларимизнинг шу йил март ойи охиридаги биродарларча учрашувида қабул қилинган ҳужжатлар кўламидан ҳам аён-ки, ўзбек ва тожик халқлари ҳеч қачон бир-биридан айрилмайди. Устозларимиз таъкидлайдиганидек, биз икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз.

Масалан, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган мактаблар, мактабгача ва олий таълим муассасалари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яратилаётган шароитлар туфайли муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Бугун Ўзбекистондаги 240 мактабда болаларга тожик тили дарси ўтилади. Ушбу даргоҳларда 64 857 ўқувчига 6501 нафар малакали ўқитувчи устозлик қилмоқда. Термиз, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Чирчиқ давлат университетларида тожик тили факультетлари бор. 2020 йил Президентимиз ташаббуси билан очилган Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида тожик мактаблари учун жуда зарур бўлган мактабгача ва бошланғич таълим, математика, биология факультетларида мутахассислар тайёрланмоқда.

Юртимиздаги Миллий маданий марказлар фаолияти ҳам доимий эътиборда. Хусусан, 9 вилоят, 6 туманда Тожик миллий маданий маркази бўлинмалари бор.
Мамлакатимиз раҳбари эътирофи ва қўллаб-қувватлови натижасида миллатлараро муносабатлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айни оқилона сиёсат туфайли Ўзбекистонда барча миллат ва элатлар эмин-эркин яшаб, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаб келмоқда. Биргина мисол: Марказимиз томонидан йўлга қўйилган “Сўз ифори” лойиҳаси асосида диёримизда яшаб, ижод қилаётган тожик миллатига мансуб ёзувчи-шоирлар ҳамда Тожикистонда ижод қилаётган ўзбек адибларининг 30 жилддан иборат асарлари чоп этилиб, китобсеварлар, мактабларга етказиб берилмоқда. Ҳозиргача 10 жилд нашрдан чиқди.

“Меҳрнома” китобида 18 нафар Тожикистонда ижод қилаётган ўзбек шоирлари ва Ўзбекистонда ижод қилаётган 18 тожик адиб асарлари йиғилган. Хўжандда ва Жиззахда ушбу асарлар такдимоти юқори даражада ўтди. Халқлар дўстлиги куни арафасида Марказ томонидан чоп этилган Тожикистон халқ шоири, Абу Абдулло Рўдакий номидаги давлат мукофоти совриндори Фарзонанинг “Саҳарнам” китоби тақдимоти Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида катта тантана ва ҳурмат билан ўтказилди. Тадбирда шоиранинг республика бўйлаб барча вилоятлардаги мухлислари тўпланди. Уюшма раиси, сенатор Сирожиддин Саййид унга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси гувоҳномасини топширди.
Президентнинг тегишли фармони билан Сўғд вилояти “Нури ниёгон” шашмақом ансамбли раҳбари Шуҳратжон Набиев Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Унинг 1998 йил ёзилган “Ўзбегу тожик элим” шеъри ҳам айнан собит анъана маҳсулидир.

Ҳа, умумий илдизимиз чуқур ва мустаҳкам томир отган. Ўзбекистонда айни йўналишда кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилган-ки, барча қардош тиллардаги мактаблар қатори, тожик забон ўқувчилар ҳам сифатли таълим олмоқда. Демак, турли сабабларга кўра фаолияти тўхтаб қолган Тожикистондаги ўзбек мактаблари қайта очилиши икки тилли бир халқнинг меҳр-оқибат дарёлари худди Ўзбекистондаги каби яна ўз ўзанида оқади. Тарихнинг бир муддатлик турғун даври муносабатимизни синовдан ўтказгандай бўлди. Давлат раҳбарлари сиёсий иродаси туфайли бир-бири меҳрига ташна минг йиллик қадриятларимиз яна жонланди.

Энди аҳоли учун қўшни давлатга ўтиб-қайтишда асло муаммо йўқ. Масалан, Ургут туманидаги Жартепа божхона маскани яқинида Панжикентда яшаётган қўшниларимиз учун ҳам жуда қулай катта бозор қуриляпти. Хуллас, қадимдан бозори-ю мозори бир икки элнинг уйқаш турмуш тарзи янгича, замонавий хусусият касб этмоқда.
Абдуғафур Маматов, ЎзА