Эркин сўз ва очиқликнинг янги босқичи
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Миллий матбуот марказида «Миллий истиқлол ва журналистика» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга миллий матбуотимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган устоз журналистлар, фахрий ижодкорлар ва соҳа вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда мустақиллик йилларида миллий журналистикада юз берган ўзгаришлар, соҳанинг тараққиёт босқичлари, журналист касбининг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулияти ҳақида фикр алмашилди.
Анжуманда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, устоз журналистлар Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Муқаддас Абдусаматова ва бошқалар истиқлол йилларида миллий журналистикамиз мисли кўрилмаган ютуқларга эришганини таъкидлади.
— Уюшма устоз журналистлар, фахрий ижодкорлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйган. Уларнинг йўл-йўриқлари, насиҳат ва маслаҳатлари тузилма фаолиятида катта аҳамият касб этади, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов. — Эндиликда уюшманинг халқаро миқёсдаги фаолиятини янада кучайтиришни кўзда тутмоқдамиз.
Анжуманда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида миллий матбуотимизда туб ижобий ўзгаришлар юз берди. Турли йўналишдаги хусусий ва жамоатчилик нашрлари, телеканаллар ҳамда радиолар ташкил этилди. Анъанавий матбуотдан рақамли форматга ўтиш жараёни жадаллашди. Интернет-журналистика, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар тез суръатларда ривожланди.
Давлат органларининг матбуот хизматлари фаолияти йўлга қўйилиб, жамиятда очиқлик муҳити шаклланди. Журналистлар халқаро андозалар асосида ишлай бошлади. Танқидий ва таҳлилий материаллар, журналистик суриштирувлар ривож топди. Медиамайдонда рақобат кучайиши эса контент сифати ва тезкорлигининг ошишига хизмат қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида илгари сурилган ғояларни амалга ошириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.
Таъкидланганидек, миллий матбуотимиз мустақиллик йилларида нафақат давр солномачисига, балки жамиятнинг уйғоқ виждони ва ҳақиқат кўзгусига айланди. Бугун ўзбек журналистикаси замон билан ҳамнафас одимлаб, фикрлар ранг-баранглиги ва эркин сўз тамойилларини юксак қадрият сифатида қарор топтирмоқда.
Рақамли аср шиддати миллий медиа майдонимизга янги нафас олиб кирди. Бугун журналистларимиз халқ овозини юксак минбарлардан янгратмоқда. Матбуот ва сўз эркинлиги соҳасидаги ислоҳотлар халқ билан очиқ мулоқот кўпригини мустаҳкамлаб, демократик янгиланишларнинг муҳим омилларидан бирига айланди.
Анжуманда устоз ижодкорлар ва фахрий журналистларнинг Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги таклиф ва мулоҳазалари батафсил муҳокама қилинди.
Назокат Усмонова,
Отабек Мирсоатов (суратлар), ЎзА