Қаҳрамонлар жасорати ёд этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондонлиги ҳамда Термиз гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар томонидан Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган юртдошлар хотираси ёд этилди. Шунингдек, хизмат вазифасини бажариш чоғида жароҳат олган ҳарбий хизматчилар ҳолидан хабар олинди.
Дастлаб 2001 йилда Сариосиё ва Узун туманларида жангарилар билан бўлган тўқнашувда қаҳрамонларча ҳалок бўлган сержант Муҳиддин Эштемировнинг онаси Манзура ая Диллаева хонадонига ташриф буюрилди.
[gallery-31067]
Учрашувда қаҳрамоннинг ҳаёти ва ҳарбий хизмат даври, Ватан ҳимояси йўлида кўрсатган жасорати ёдга олинди. Оила аъзолари билан суҳбатлашилиб, хонадонда сақланаётган суратлар, давлат мукофотлари ва эсдалик буюмлари билан танишилди. Манзура аяга Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул мукофоти ҳамда байрам совғаси топширилди.
Таъкидлаш жоизки, Муҳиддин Эштемиров туғилиб ўсган маҳаллага қаҳрамон номи берилган. У таҳсил олган мактабда бюсти ўрнатилиб, хотира бурчаги ташкил этилган.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар хизмат вазифасини бажариш чоғида тан жароҳати олган катта лейтенант Неъмат Жўраев ва кичик сержант Шуҳрат Қаюмов хонадонида бўлиб, уларга Мудофаа вазирлиги томонидан ажратилган пул мукофоти, байрам совғаси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
Бундай эътибор ва ғамхўрлик Ватан ҳимоячилари жасоратини қадрлаш, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ёш авлодни Ватанга садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, бугунги осойишта ҳаёт Ватан тинчлиги йўлида ўз жонини фидо қилган ва бугун ҳам юрт ҳимоясида турган мард ўғлонлар жасоратини қадрлашга ундайди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА