Ўзбекистон терма жамоаси Россияга мағлуб бўлди
Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.
Ушбу ўйиннинг 5-дақиқасида Азиз Ғаниевнинг бурчакдан узатган тўпи россиялик ҳимоячи Виктор Мелёхин оёғига тегиб, дарвозага кирди. Натижада ҳисоб очилиб, Ўзбекистон терма жамоаси 1:0 ҳисобида олдинга чиқди.
Иккинчи бўлимнинг 46-дақиқасида Достонбек Ҳамдамовнинг узатмасидан сўнг Беҳруз Каримов аниқ зарба билан тўпни дарвозага жойлаб, устунликни оширди — 2:0.
Бироқ, учрашувнинг кейинги қисмида Россия терма жамоаси вазиятни ўз фойдасига ўзгартиришга муваффақ бўлди. Николай Комличенко 70 ва 75-дақиқаларда иккита гол киритиб, ҳисобни тенглаштирди. 79-дақиқада эса Алексей Миранчук меҳмонларнинг учинчи голига муаллифлик қилди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси икки голли устунликни сақлаб қола олмади ва учрашувда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
Маълумот учун, Фабио Каннаваро қўл остидаги футболчиларимиз ФИФА кунлари доирасидаги иккинчи ўйинини 17 ноябрь санасида Саудия Арабистони термасига қарши ўтказади. Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги «Жассим бин Ҳамад» ўйингоҳида бўлиб ўтадиган тўқнашув Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА