Ўзбекистон тарихида энг йирик фазовий лойиҳа амалга оширилди
Ўзбекистоннинг коинот соҳасига оид тарихида янги саҳифа очилди. 2026 йил 5 август куни Хитойнинг Хайянг шарқий космодромидан “Ўзбеккосмос” агентлиги ва “STAR.VISION” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Самарқанд-2028” Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдоши орбитага муваффақиятли чиқарилди.
Мамлакатимиз тарихидаги энг йирик халқаро фазовий ташаббус ҳисобланган мазкур лойиҳа Ўзбекистон – Хитой илмий-технологик ҳамкорлигини ҳам янги босқичга олиб чиқди.
“Ўзбеккосмос” муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект модули илк бор STAR.VISION’нинг халқаро сунъий йўлдошига интеграция қилингани лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу технология маълумотни орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини бериб, узатилаётган ахборот ҳажмини камайтиради, таҳлил жараёнини тезлаштиради.
[gallery-30731]
“Самарқанд-2028” қишлоқ хўжалиги, экология, сув ресурсларини бошқариш, табиий ресурслар мониторинги, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда шаҳарсозлик каби йўналишларда замонавий коинот технологиясидан самарали фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Шунингдек, мамлакатнинг СИ ва космик муҳандислик соҳасидаги миллий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сунъий йўлдошга “Самарқанд-2028” номи берилиши ҳам рамзий аҳамиятга эга. Самарқанд шаҳрининг 2028 йилги 79-халқаро астронавтика конгресси мезбони этиб белгилангани муносабати билан танланган бу ном Ўзбекистоннинг жаҳон космик ҳамжамиятидаги нуфузи ортиб бораётганини ифодалайди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги директори Шуҳрат Қодиров таъкидлашича, мазкур миссия мамлакатимизнинг фазовий технологиялар яратувчи давлат сифатидаги салоҳиятини намоён этди. Мутахассисларимиз яратган СИ модули халқаро лойиҳага қўшилиши эса мамлакат коинот соҳаси учун яна бир муҳим ютуқдир.
Мутахассислар фикрича, “Самарқанд-2028” миссияси Ўзбекистоннинг жаҳон космик экотизимига интеграциясини янада кучайтиради. Қолаверса, Хитой билан стратегик шерикликни мустаҳкамлайди, сунъий йўлдош технологияси, сунъий интеллект соҳаси ва муҳандис кадрлар тайёрлаш бўйича янги қўшма лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади.
Мусулмон Зиё, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА