Ўзбекистон шароитида янги камбала балиғи етиштирилиши мумкин
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси вакиллари ҳамда Балиқчилик илмий-тадқиқот институти илмий ходимларидан иборат делегация Жанубий Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Ташриф давомида Чежу вилояти ҳокимлиги, Чежу балиқчилик аквакултураси кооперативи (Jeju Fish-Culture Fisheries Cooperative), Чежу балиқчилик илмий-тадқиқот институти раҳбарияти ҳамда соҳадаги йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Учрашув доирасида Ўзбекистонда аквакултура соҳасини ривожлантириш, денгиз балиқ маҳсулотларини Ўзбекистон шароитида етиштириш, замонавий технологиялар, илмий-ишланмалар ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация Чежу оролидаги балиқчилик объектлари, денгиз балиқ маҳсулотларини сунъий усулда етиштиришга ихтисосолашган хўжаликлар, лабораториялар, балиқ озуқаси ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф доирасида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва Чежу балиқчилик аквакултура кооперативи ўртасида уч томонлама Англашув меморандуми имзоланди.

Меморандумдан кўзланган асосий мақсад “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда камбала балиғини Ўзбекистон шароитида етиштириш бўйича ўрганишлар олиб бориш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, денгиз балиқ турларини иқлимлаштириш, малакали мутахассисларни жалб этиш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишдан иборат бўлиб, бу мамлакатимизда аквакултура соҳасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз хиссасини қўшади.

Гулноза Бобоева, ЎзА