Ўзбекистон – Сербия: ҳамкорликнинг янги даври
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги стратегик яқинлашув нафақат савдо ва технология соҳаларини, балки ижтимоий-гуманитар ҳамда экологик барқарорлик йўналишларини ҳам қамраб олди. Тошкент ҳамда Белград ўртасида эришилган ҳукуматлараро битимлар маданий-академик алмашинувларни чуқурлаштириш ва “яшил" иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Ижтимоий ва академик соҳадаги шериклик, аввало, олий таълим ва илм-фан соҳасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга қаратилган. Белград университети ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртлари - Тошкент давлат шарқшунослик университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасида ўзаро англашув меморандумлари кучга кирган.
Профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида тажриба алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш, таълим грантларини жорий этиш тизими йўлга қўйилган.
Агар миграция соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратадиган бўлсак, Сербиянинг саноат ва қурилиш секторлари жадал ўсиши фонида, ўзбекистонлик мутахассисларни шартномавий ва ҳуқуқий ҳимояланган тарзда иш билан таъминлаш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар шакллантирилган.
Қолаверса, икки ўлкада маданият кунларини ўтказиш, кино ва санъат соҳасидаги муштарак лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, глобал иқлим ўзгаришлари фонида Ўзбекистон ва Сербия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ресурсларни тежаш бўйича ҳамкорликни кучайтирмоқда. Европа минтақасининг «яшил» стандартларига эга бўлган Сербия тажрибаси Марказий Осиёдаги иқлим муаммоларини ҳал этишда қўл келмоқда. Айниқса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сербиянинг ўрмонларни қайта тиклаш ва қуруқ иқлимга кўчат экиш технологиялари ўрганилмоқда.
Чиқиндисиз ва сувни тежовчи технологиялар йўналишида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва сув ресурсларини тежамкор бошқариш бўйича Европа стандартларига асосланган қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси, Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар” ва ўсимлик майдонларини кенгайтириш бўйича сербиялик ва ўзбекистонлик олимларнинг қўшма тадқиқотлари олиб борилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА