Самарқанд мулоқоти: дунё ёш парламентарийлари ҳуқуқ, адолат ва муносиб келажак йўлида бирдам ва ҳамқадам
Самарқандда дунёнинг турли бурчакларидан келган ёш парламентарийлар бир ҳақиқат атрофида бирлашди: бугун ёшлар ҳақида қарор қабул қилишнинг ўзи етарли эмас – улар қарорларнинг бевосита ҳаммуаллифи бўлиши керак.
Зотан, инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қиммати жиддий синовдан ўтаётган мураккаб даврда ёш авлоднинг овози, ташаббуси ва сиёсий иштироки ҳар қачонгидан муҳим.
Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида 2026 йил 4 - 6 сентябрь кунлари қадимий Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ) Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ўтказилди.
Дунёнинг 60 мамлакатидан ёш парламент аъзолари, 13 халқаро ташкилот вакиллари – қарийб 250 нафар делегат ҳамда сенатор ва депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларини бирлаштирган анжуман «Мураккаб даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини тиклаш йўлида» мавзусига бағишланди.
Бу оддий мулоқот майдони эмас эди. Самарқанд уч кун давомида ёш парламентарийлар ўз мамлакатларидаги тажриба ва муаммоларни ўртоқлашадиган, глобал муаммоларга умумий ечим излайдиган ва, энг муҳими, уларни ҳал этишда ёшларнинг масъулияти ва ролини белгилайдиган муҳим халқаро майдонга айланди.
Ўзбекистон Президентининг конференция иштирокчиларига йўллаган табриги ҳам анжуманга алоҳида сиёсий мазмун бағишлади. Унда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, самарали ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий ёндашувларни шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз нутқида бугун ёшларга нисбатан ёндашувни тубдан ўзгартириш зарурлигини таъкидлади. Яъни ёшлар сиёсатнинг объекти эмас, қарорларнинг ҳаммуаллифи бўлиши керак. Бу эса ёшларни нафақат муҳокамаларга, балки қонунлар, бюджет қарорлари ва давлат сиёсатини шакллантириш жараёнларига тизимли жалб этишни тақозо этади.
Бу ёндашувнинг моҳияти шундаки, ёшларнинг ҳуқуқларини эътироф этишнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг ҳуқуқларини реал имкониятларга айлантириш, сиёсий иштироки учун аниқ механизмлар яратиш ва қабул қилинган халқаро ҳужжатларни миллий амалиётга самарали татбиқ этиш зарур.
Кўҳна Самарқанд эса ана шу ғоялар туташган нуқта бўлди. Турли мамлакатлар, турли тажриба ва қарашларга эга ёш парламентарийларни инсон учун муносиб ҳаёт, адолат ва барқарор келажак барпо этишдек умумий мақсад бирлаштирди.
ПИ Президенти Тулия Эксон ёш парламентарийлар инсон ҳуқуқлари бузилишига нисбатан муросасиз муносабат билдириши, парламент минбаридан туриб адолат ва жавобгарлик масаласини дадил кўтариши зарурлигини таъкидлади. ПИ Бош котиби Анда Филип эса ёшларни қарор қабул қилиш жараёнларига кенг жалб этиш самарали сиёсат ишлаб чиқишнинг муҳим шарти эканини қайд этди.
БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ёрдамчиси, БМТ Ёшлар бюроси раҳбари Фелипе Паульер ҳам Самарқанд мулоқотларининг амалий аҳамиятини алоҳида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, конференция турли авлодларнинг энг яхши ғоя ва тажрибаларини бирлаштириб, янада самарали институтларни шакллантириш учун янги имкониятлар очди.
Конференция кун тартиби ҳам бугунги ёшлар дуч келаётган муаммолар кўламини яққол намоён этди. Низолар шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамли ҳуқуқ ва хавфсизлик, иқлим ўзгариши, муносиб меҳнат ва бандлик, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг сиёсий иштироки, зўравонликнинг олдини олиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда бир жиҳат алоҳида кўзга ташланди: замонавий дунёда ёшлар глобал ўзгаришларнинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки улар бу жараёнларнинг иштирокчиси ва ташаббускори бўлиши керак.
Шу нуқтаи назардан, рақамли трансформация ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ёшлар бандлигини таъминлаш каби масалалар фақат келажак авлоднинг эмас, бугунги сиёсатнинг кун тартибига айланмоқда.
Конференция доирасида ўтказилган очиқ мулоқотлар ва панел муҳокамаларда парламентлар, БМТ, ПИ, фуқаролик жамияти институтлари ва экспертлар вакиллари Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишда парламентларнинг иштирокига бағишланган махсус сессияда эса қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг миллий тараққиёт мақсадларини амалга оширишдаги ўрни ва имкониятлари муҳокама қилинди.
Конференция доирасида Ўзбекистон Сенати ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги мулоқотлар ҳам янги ташаббуслар учун муҳим асос бўлди. Учрашувларда парламент дипломатиясини кучайтириш, ёшларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига кенг жалб этиш, ёшлар парламентлари фаолиятини ривожлантириш ва халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бу жараён Ўзбекистон ва ПИ ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганини ҳам кўрсатди. 2025 йилда Тошкентда ПИнинг 150-юбилей Ассамблеяси ўтказилгани ва мамлакатимизда қатор нуфузли парламент тадбирларига мезбонлик қилингани мазкур ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
Самарқанддаги конференциянинг энг муҳим натижаларидан бири – муҳокамаларни аниқ ҳужжатга айлантириш бўлди. Анжуман якунида кўтарилган масалалар, билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида Самарқанд глобал конференциясининг якуний ҳужжати қабул қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Самарқанддаги уч кунлик глобал мулоқот ёш парламентарийларни бир жойга тўплаш билан чекланмади. У ёшларнинг сиёсий иштироки, инсон ҳуқуқлари ва адолат масалаларига янгича ёндашувларни шакллантириш, умумий мақсадлар атрофида ҳамкорликни кучайтириш учун муҳим қадам бўлди.
[gallery-31263]
Норгул Абдураимова,
Алишер Исроилов (сурат), ЎзА