Тожикистон Халқ демократик партияси билан Меморандум имзоланди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Тожикистон Халқ демократик партияси раисининг биринчи ўринбосари Маликшо Неъматзода бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, тарихий яқинлик, муштарак маданий ва маънавий қадриятлар икки халқни бир-бирига чамбарчас боғлаб туриши таъкидланди. Айниқса, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси, ўзаро ишонч ва очиқ мулоқоти туфайли мамлакатларимиз муносабатлари янги, стратегик аҳамиятга эга босқичга кўтарилди.
2024 йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзолангани ҳамда жорий йил март ойида давлат раҳбарларининг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш бўйича келишувлари ўзаро алоқаларни янада жадаллаштирди. Мулоқотда партиялараро ҳамкорлик ушбу яқинлашувнинг муҳим ва амалий йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди.

Муҳокамалар сўнгида O‘zLiDeP ва ТХДП ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат икки партия ўртасидаги алоқаларни тизимли йўлга қўйиш ва уларга аниқ амалий мазмун беришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Меморандум доирасида партиялар ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ижодкорлиги ва партиявий фаолият бўйича тажриба алмашиш, депутатлар ҳамда маҳаллий вакиллик органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларга устувор аҳамият қаратилади. Шунингдек, тадбиркорлик ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, инновацияларни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, томонлар қўшма ишчи гуруҳлар тузиш, форумлар, учрашувлар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш, илғор тажриба алмашиш ҳамда аниқ дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишиб олди.
Муҳтарама Комилова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА