Ўзбекистон–Россия ҳамкорлигининг таълим ва миграция соҳаларидаги истиқболлари муҳокама қилинди
Бугун пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Таълим дастурлари ва меҳнат бозори эҳтиёжларини Ўзбекистон–Россия ҳамкорлигида интеграция қилиш: кадрлар тайёрлашдан миграция оқимларини бошқаришгача” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат идоралари, дипломатик корпус, етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари, маданий ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, икки мамлакат бизнес доиралари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги таълим, меҳнат бозори ҳамда миграция соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.
[gallery-29537]
Шунингдек, давра суҳбати дастуридан учта тематик сессия ўрин олди. Уларда Ўзбекистонда олий таълим тизими ва меҳнат бозори эҳтиёжлари, Россия ОТМ филиаллари негизида кадрлар салоҳиятини шакллантириш, бизнес ва таълим муассасалари ҳамкорлиги моделлари, тайёрлов марказларининг меҳнат миграциясини бошқаришдаги ўрни муҳокама қилинди.
Мутасаддиларга кўра, меҳнат бозори эҳтиёжини таълим дастури билан уйғунлаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Шу нуқтаи назардан, ўрта ва олий бўғин мутахассисларини тайёрлашда замонавий квалификация талабини инобатга олиш, таълим муассасаси билан иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда Россия капитали иштирокида Ўзбекистонда фаолият юритаётган компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва амалиёт дастурини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнат миграцияси соҳасида ташкиллаштирилган ёндашувларни ривожлантириш, фуқароларнинг касбий, тил ва адаптация тайёргарлигини кучайтириш бўйича фикрлар билдирилди.
Дилшод Ҳакимов, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА