Ўзбекистон–Қозоғистон чегараси орқали халқаро юк ташиш жараёнлари такомиллаштирилади
Транспорт вазирлиги халқаро юк ташувчилар билан чегарадан ўтишдаги муаммоларни муҳокама қилди. Видеоконференцияда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги самарадорликни ошириш чоралари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги ҳар бир соҳа ва ундаги тизим шаффоф бўлиши йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда. Хусусан, бошқарувнинг ҳар бир бўғинида мустақил, тўсиқсиз халқаро ҳамкорликларни йўлга қўя олиш имконияти фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташаббуси билан тегишли вазирлик ва идоралар, Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси, миллий ташувчилар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учрашув давомида Ўзбекистон–Қозоғистон давлат чегараси орқали халқаро автомобиль транспортида юк ташиш жараёнида юзага келаётган долзарб масалалар, чегара ўтказиш пунктлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда миллий ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, юк автотранспорт воситаларининг чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, кутиш вақтларини қисқартириш, ташувлар узлуксизлигини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мулоқот мобайнида миллий ташувчилар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларининг таклиф ҳамда мурожаатлари тингланиб, улар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар иштирокида муҳокамалар ўтказилди.
Музокаралар давомида чегара ўтказиш пунктларидаги жараёнларни янада такомиллаштириш, ташувчилар фаолиятида юзага келаётган тўсиқларни бартараф этиш ҳамда масъул ташкилотлар ўртасидаги идоралараро ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Якунда Транспорт вазирлиги томонидан халқаро автомобиль ташувлари учун қулай шароитлар яратиш, миллий ташувчилар манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда чегара орқали юк ташиш жараёнларининг самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши лозим экани алоҳида қайд этилди.
Шербек Исломов,
ЎзА