Ўзбекистон “QI4SD” халқаро рейтингида 28 поғонага юқорилади
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индекси (“Quality Infrastructure for Sustainable Development” — QI4SD)нинг 2026 йилги натижаларига кўра, 67-ўринни эгаллаб, аввалги рейтингдаги мавқеини 28 поғонага яхшилади.
Бу ҳақда Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтаётган “Global Quality Forum” доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти томонидан эълон қилинган 2026 йилги “QI4SD” индекси натижаларида маълум қилинди. Мазкур индекс мамлакатларда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилувчи сифат инфратузилмасининг ривожланганлик даражасини баҳолайди. У бешта асосий йўналишни, жумладан, метрология, стандартлаштириш, аккредитация, мувофиқликни баҳолаш ҳамда бозор назоратини қамраб олади. “QI4SD” индексининг асосий мақсади халқаро савдони ривожлантириш, саноат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ушбу индексдаги кўрсаткичлари йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Хусусан, мамлакатимиз 2022 йилда 130-ўринни, 2024 йилда 95-ўринни эгаллаган бўлса, 2026 йилги натижаларга кўра, 67- ўринга кўтарилди. Бу эса сўнгги тўрт йил ичида рейтингдаги мавқеимиз 63 поғонага яхшиланганини англатади. 2026 йилги индекснинг дунё бўйича етакчи ўнталигидан Хитой, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Испания, Австралия ва АҚШ жой олди. МДҲ давлатлари орасида эса Россия 18-ўрин, Қозоғистон 61-ўрин, Ўзбекистон 67-ўрин, Молдова 68-ўрин, Беларусь 78-ўрин, Озарбайжон 92-ўрин, Тожикистон 125-ўрин, Арманистон 126-ўрин ва Қирғизистон 143-ўринни эгаллади. Шу тариқа, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида Россия ва Қозоғистондан кейинги учинчи натижани қайд этди.
Мазкур натижа мамлакатимизда сифат инфратузилмасини такомиллаштириш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш, метрология ва аккредитация тизимларини ривожлантириш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги эътирофидир. “QI4SD” индексидаги ижобий динамика Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий ҳамкорликдаги имкониятларини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА