"E-TechExpo 2026": маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорга чиқиш имкониятлари кенгаймоқда
Бугун Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуасида электроника, электротехника ва инновацион технологиялар соҳасига бағишланган 5-юбилей халқаро "E-TechExpo 2026" кўргазмаси ўз ишини бошлади.
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси кўмагида ташкил этилган халқаро кўргазмада 30 та мамлакат вакиллари, 50 нафар хорижий иштирокчи ҳамда уюшманинг миллий экспозицияси доирасида 100 та маҳаллий компания ва бренд ўз маҳсулотлари, ишланмалари ва ишлаб чиқариш имкониятларини намойиш этмоқда.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида қайд этилганидек, кўргазма Ўзбекистон электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт имкониятларини халқаро аудиторияга танитиш, маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда хорижий шериклар билан истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари Намоз Толиповнинг таъкидлашича, кўргазма маҳаллий ва халқаро ишбилармон доиралар, ишлаб чиқарувчилар, дистрибьюторлар ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш ва янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш учун кенг имконият яратади.

– "E-TechExpo 2026" экспозициясидан электротехника саноатининг кабель-сим маҳсулотлари, электр ускуналари, трансформаторлар, маиший техника, электрон компонентлар, автоматлаштириш тизимлари, робототехника ва рақамли технологиялар каби муҳим йўналишлари ўрин олган.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари, замонавий ишланмалари ва технологик имкониятларини халқаро аудиторияга тақдим этмоқда. Бу эса уларга янги харидорлар ва дистрибьюторлар билан музокаралар олиб бориш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Бугунги кунда электротехника саноати энергетика, қурилиш, транспорт, телекоммуникация, саноатни автоматлаштириш ва рақамли иқтисодиёт каби соҳалар тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шу боис мазкур кўргазма нафақат ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари намойиши, балки замонавий технологик ечимлар ва саноат эҳтиёжлари юзасидан фикр алмашиш майдони ҳамдир, – деди Н.Толипов.
Кўргазманинг яна бир муҳим йўналиши эса маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш, технологиялар трансферини рағбатлантириш ва янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш.

"O‘zelektroapparat-Electroshield" компаниялар гуруҳи вакили Абдулазизхон Камолов корхонанинг кўп йиллик тажрибаси, ишлаб чиқариш имкониятлари ва маҳсулотлари ҳақида маълумот берди.
– "O‘zelektroapparat-Electroshield" компаниялар гуруҳи Ўзбекистон электротехника саноатининг етакчи корхоналаридан бири бўлиб, ўз фаолиятини 1941 йилда бошлаган. Узоқ йиллик тарихга эга корхонамиз мамлакатимиз энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Бугунги кунда UZEA замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, илғор технологиялар ва электротехника маҳсулотларининг кенг турларига эга. Биз лойиҳалаштиришдан тортиб, ускуналарни ишлаб чиқариш, ўрнатиш, ишга тушириш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатишгача бўлган комплекс ечимларни таклиф этамиз.
Маҳсулотларимиз нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам ўз харидорларига эга. Мақсадимиз эса ишончли электр таъминотини таъминлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ва мамлакатимиз энергетика соҳасининг келгуси тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, – деди А.Камолов.

Кўргазма доирасида маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида B2B учрашувлар ҳамда бизнес музокаралари ҳам ўтказилмоқда. Уларда ишлаб чиқариш кооперацияси, янги ҳамкорлик лойиҳалари, технологиялар трансфери ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда.
Уч кун давом этадиган "E-TechExpo 2026" кўргазмаси Ўзбекистон электротехника саноатининг халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда тармоққа янги инвестицияларни жалб этишда муҳим ўрин тутади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА