“Ўзбекистон почтаси” Умумжаҳон почта иттифоқининг “Кумуш” сертификатини қўлга киритди
“Ўзбекистон почтаси” АЖ Умумжаҳон почта иттифоқининг (УПИ) хавфсизлик стандарти бўйича "Кумуш" даражадаги сертификатига эга бўлди.
Тегишли қарор УПИ экспертларининг 2026 йил март ойида UzPost ва унинг объектларида ўтказган ўрганиш хулосаларига кўра қабул қилинган.
УПИ’нинг навбатдаги сессиясида UzPost’га мазкур сертификат расман топширилгани эътироф этилди. Сертификат компаниянинг “Халқаро почтамт” филиали ҳамда Авиапочта ва матбуотга ишлов бериш участкасидаги жараёнларни ўрганиш якунларига кўра берилди. Сертификатни олиш учун UzPost УПИнинг иккита стандарти — S58 “Умумий хавфсизлик чоралари” ва S59 “Халқаро почта алмашинуви ва аэропорт қошидаги айрибошлаш объектлари хавфсизлиги” бўйича барча амалий ва техник талабларни бажарди.
Тайёргарлик даврида объектларнинг техник ва инфратузилма хавфсизлиги тубдан кўриб чиқилди. Назорат ва сканерлаш тизимлари модернизация қилинди ҳамда ходимларнинг операцион тайёргарлиги оширилди. Сертификат Ўзбекистон орқали ўтувчи халқаро почта ва логистика занжирининг хавфсизлиги жаҳон стандартларига жавоб беришини тасдиқлайди. Бу халқаро ва маҳаллий жўнатмаларнинг дахлсизлиги ҳамда хавфсиз етказилишини халқаро аудит даражасида кафолатлаб, мижозлар ишончини оширади.
Шунингдек, “Кумуш” даражасидаги хавфсизлик мақоми хорижий почта операторлари ва йирик электрон тижорат платформалари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда транзит ҳажмларини ошириш имконини беради.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА