Дастурлаш йўналишида ғолиб бўлган 20 та жамоа Қозоғистондаги беллашувга йўлланма олди
Тошкентда талабалар ўртасида спорт дастурлаш бўйича энг нуфузли халқаро мусобақалардан бири — "ICPC Uzbekistan Regional Contest 2026" бўлиб ўтди.
Саралаш босқичидан ўтган 79 та жамоа мусобақада қатнашди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan, IT Park University (ИТПУ) ва School 21 ташкил этди. Мусобақа якунларига кўра, 20 дан ортиқ жамоа Шимолий Евроосиё мусобақаларининг Қозоғистонда бўлиб ўтадиган кейинги босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
Мусобақа School 21 майдонида бўлиб ўтди. Иштирокчилар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги олий таълим муассасаларидан келиб, дастурлаш, маълумотлар тузилмалари, математик мантиқ ва алгоритмларни оптималлаштириш бўйича масалаларни ечишди.

ICPCда талабалар, одатда уч кишидан иборат жамоаларда қатнашади. Беш соат давомида иштирокчилар турли мураккабликдаги масалаларни ечиб, дастурлаш, маълумотлар тузилмалари, математик мантиқ ва алгоритмларни оптималлаштириш бўйича билимларини намойиш этади. Натижалар тўғри ечилган масалалар сони ва уларни ечишга кетган вақтга қараб белгиланади. Бунда жарима вақти ҳам ҳисобга олинади.

Мусобақа натижаларига кўра совринли ўринларни қуйидаги жамоалар қўлга киритди:
1-o‘rin — Tashkent UIT: Attack on Contest: THE LAST ATTACK
2-o‘rin — Tashkent branch of MSU: One Last Plov
3-o‘rin — New Uzbekistan University: Three Dinosaurs
Жами тўққизта энг яхши жамоа совринлар билан тақдирланди. 20 дан ортиқ жамоа Қозоғистонда бўлиб ўтадиган Шимолий Евроосиё мусобақаларининг кейинги босқичига йўлланма олди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА