Ўзбекистон – Ўмон: эришилган келишувлар ижросида парламент аъзолари масъул бўлади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек, парламент назорати фаолиятига оид масалалар муҳокамаси режалаштирилган.
Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов давлатимиз раҳбарининг Ўмон Султонлигига ташрифи ҳақида тўхталди:
– Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни изчил кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, ташрифнинг дастлабки кунида давлатимиз раҳбари Ўмоннинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашда янги ташкил этилаётган Ўзбекистон – Ўмон ишбилармонлар кенгаши фаолияти муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, кўпқиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қўшган улкан ҳиссаси учун мамлакатимиз Президенти Ўмон Султонлигининг олий давлат мукофоти – “Олий Саййид” ордени билан тақдирлангани ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.
Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда Ўмон Султонлиги билан парламентлараро алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Шу йилнинг октябрь ойида Қонунчилик палатаси делегациясининг ушбу мамлакатга ташрифи ҳамда Ўмон Маслаҳат кенгаши раиси, Ўмон Давлат кенгаши раиси билан ўтказилган учрашувларимиз Ўзбекистон Республикасининг парламентлараро ҳамкорлигида янги имкониятлар очмоқда. Парламентлараро алоқалар қонун ижодкорлиги тажрибаси, иқтисодий ҳамкорликка оид ҳуқуқий асослар ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Албатта, Президентимизнинг давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилишида парламент аъзолари масъул бўлади. Қонунчилик палатасининг Ўмон Султонлиги Маслаҳат кенгаши билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, ташриф давомида эришилган келишувлар ижроси юзасидан парламент назоратини амалга ошириш ҳамда имзоланган ҳужжатларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалаларини муҳокама қилиш эътиборимизда бўлади, – деди Спикер.
М.Комилова,
ЎзА