Ўзбекистон ва Ўмон: тарихий яқинликдан иқтисодий ҳамкорлик сари
Ўзбекистон ва Ўмонни минглаб километр масофа ажратиб туради. Бироқ икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг илдизи асрлар қаърига бориб тақалади. Мовароуннаҳр алломаларининг илмий мероси, Самарқанд ва Бухоро меъморчилик анъаналари ҳамда қадимий савдо йўллари бу икки халқни азалдан ўзаро боғлаб келган. Бугунги кунда эса ана шу тарихий яқинлик сиёсий мулоқот, инвестиция, савдо ва маданий ҳамкорлик соҳаларида ўз аксини топмоқда.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 22 апрелда ўрнатилган. Алоқалар ривожида Ўзбекистон Биринчи Президентининг 2009 йил октябрь ойида Ўмонга амалга оширган давлат ташрифи муҳим босқич бўлган. Ўшанда 19 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган эди. Бугунги кунда икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини 23 та ҳужжат ташкил этади.
Кейинги йилларда сиёсий мулоқот янада фаоллашди. 2010 йил апрелда Тошкентда Ўмон элчихонаси очилди. 2018 йил июлда эса Масқатда Ўзбекистон элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Шу тариқа икки мамлакат ўртасида доимий дипломатик мулоқот олиб бориш имконияти кенгайди. 2024–2025 йилларда ташқи ишлар вазирлари, парламент ва ҳукумат вакиллари даражасида қатор учрашувлар ўтказилди. 2026 йил 4 мартда Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Июнь–июль ойларида эса Масқатда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўққизинчи давраси ташкил этилди.
Мунтазам мулоқот иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам қулай шароит яратмоқда. Хусусан, 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми 2,3 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида бу кўрсаткич 3,2 миллион долларга етди. Шу даврда Ўзбекистоннинг Ўмонга экспорти 2,1 миллион, импорти эса 1,1 миллион долларга тенг бўлди.
Савдо ҳажми ҳозирча катта эмас, бироқ инвестиция йўналишидаги ҳамкорлик анча кенг кўлам касб этмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда Ўмон капитали иштирокида саккизта корхона фаолият юритмоқда. “Ўзоманкапитал” компанияси томонидан умумий қиймати 255,7 миллион доллар бўлган 15 та инвестиция лойиҳаси молиялаштирилган. 2026 йил сентябрь–октябрь ойларида Ўзбекистон делегациясининг Масқатга ташрифи якунида эса 5,3 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳалари тўплами шакллантирилди.
Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштиришда Ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳам фаол иштирок этмоқда. 2025 йил 12 июнда Тошкентда комиссиянинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда савдо, инвестиция ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар муҳокама қилиниб, ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилди.
Шу йилнинг 19–20 август кунлари Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация Масқатга ташриф буюрди. Ташриф давомида Ўмоннинг Савдо, саноат ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўмон инвестиция агентлиги ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
2025 йилда тадбиркор аёллар ўртасидаги алоқалар ҳам кенгайди. Хусусан, февралда Масқатда, октябрда эса Тошкентда икки мамлакат ишбилармон аёллари иштирокида форумлар ўтказилди. Уларда тадбиркорлик имкониятлари, қўшма лойиҳалар ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ушбу рақамлар икки томонлама ҳамкорликнинг янги имкониятларидан дарак беради. Шунга қарамай, шакллантирилган лойиҳалар тўплами ҳали тўлиқ ўзлаштирилган инвестиция дегани эмас. Эндиги асосий вазифа эришилган келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш, янги корхоналар ташкил этиш ва маҳсулотларнинг ўзаро бозорларга кириб боришини таъминлашдан иборат.
Бунда транспорт алоқалари муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон ва Ўмон Ашхобод битими иштирокчилари ҳисобланади. Ушбу йўналиш Марказий Осиёни Эрон ва Ўмон орқали денгиз портлари билан боғлаш имконини беради. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкони бўлмаган Ўзбекистон учун бундай транспорт йўлаклари ташқи савдони кенгайтириш ва юк ташиш йўналишларини кўпайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
2026 йил 3 июлдан “Масқат – Тошкент” йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ҳам ҳамкорлик учун янги қулайлик яратди. “Oman Air” авиакомпаниясининг ҳафтасига икки марта амалга ошириладиган парвозлари ишбилармонлар, сайёҳлар ва икки мамлакат фуқароларининг борди-келдисини сезиларли даражада енгиллаштиради.
Иқтисодий манфаатлар билан бир қаторда, икки халқни боғлаб турган тарихий ва маънавий мерос ҳам муносабатларнинг муҳим асосидир. Икки минтақа ўртасидаги тарихий алоқалар Абдураззоқ Самарқандийнинг сафар хотираларида ҳам акс этган. Темурийлар даврининг таниқли тарихчиси ва дипломати 1442 йилда Ҳиндистонга йўл олар экан, Масқат соҳилларига етиб борган. Кемадаги носозлик туфайли Ўмон ҳудудида бир неча ой қолиб, бу ернинг табиати ва ҳаётини батафсил тасвирлаган.
Бу яқинликнинг ўзига хос мисолларидан бири ўмонлик XI аср олими Ибн Заҳабий ҳаёти билан боғлиқ. Манбаларда у буюк аллома Абу Али ибн Синонинг шогирдларидан бири сифатида тилга олинади. Унинг “Китоб ал-Маъ” (“Сув китоби”) асари тиббиётга оид билимларни алифбо тартибида жамлаган йирик қомусий манбадир. Ибн Заҳабий ўз асарида Ибн Синонинг илмий меросига юксак баҳо берган.
Бугунги кунда икки мамлакат муносабатлари сифат жиҳатидан янги иқтисодий босқичга кўтарилиш имкониятига эга. Тизимли сиёсий мулоқот йўлга қўйилган, истиқболли инвестиция лойиҳалари тўплами шакллантирилган, транспорт ва маданий алоқалар эса тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Президентининг Ўмонга айни пайтдаги давлат ташрифи эса ана шу жараёнларга янги сиёсий суръат бағишлаб, эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади. Зеро, тарихий яқинлик ўзаро ишончга мустаҳкам пойдевор бўлса, олий даражадаги мулоқот ва қўшма иқтисодий лойиҳалар ушбу шерикликнинг келгуси самарасини белгилаб беради.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири