“Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қуйи палатада қабул қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, соҳани замонавий қонунчилик асосида тартибга солиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, бозорда адолатли рақобат, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ушбу қонун лойиҳаси билан капитал бозори воситалари турларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Жумладан, ҳосилавий молиявий воситалар, қопланган облигациялар, секюритизация, сукук ва барқарор ривожланиш облигацияларини чиқариш ҳамда уларнинг бозорда айланишини тартибга солувчи қоидалар белгиланмоқда.
Шунингдек, лойиҳада капитал бозорида клиринг ва кастодиал хизматларни кўрсатиш тартиби ҳамда уларга қўйиладиган талаблар белгиланмоқда. Бу эса бозор инфратузилмасини замонавийлаштириш, унинг ишончлилигини ошириш ва инвестицияларни янада кўпроқ жалб этишга хизмат қилади.
Ҳужжатда капитал бозори инфратузилмасини ва профессионал иштирокчилар фаолиятини такомиллаштириш, ахборотни ошкор қилиш тартибини мустаҳкамлаш ҳамда бу жараённинг қонунийлигини тартибга солиш ва назорат қилиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш ҳам белгиланган.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши капитал бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инвесторлар ишончини ошириш ҳамда мамлакат иқтисодиётига маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб қилиш учун янги имкониятлар яратади. Корхоналарнинг узоқ муддатли маблағ жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради ва капитал бозорининг мамлакат иқтисодиётини молиялаштиришдаги аҳамиятини оширади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА