Ўзбекистон олий таълими: Европа аккредитацияси сари Португалия тажрибаси(+видео)
Ўзбекистон олий таълим ташкилотларининг халқаро аккредитация жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, Европа сифат кафолати ёндашувларини ўрганиш ва халқаро аккредитацияга тайёргарлик бўйича амалий кўникмаларни ривожлантиришга бағишланган семинар ўтказилди.
Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида ўтказилган “Ўзбекистон олийгоҳларининг Европа аккредитацияси сари йўли: Португалиянинг A3ES тажрибаси асосида” мавзусидаги семинар Португалиянинг олий таълим сифатини баҳолаш ва аккредитациядан ўтказиш бўйича ваколатли агентлиги — A3ES (Agency for Assessment and Accreditation of Higher Education) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарнинг асосий мақсади – Ўзбекистон олий таълим ташкилотлари вакилларини Европа олий таълим ҳудудида қўлланиладиган сифатни таъминлаш ва аккредитация ёндашувлари билан таништириш, халқаро аккредитациядан ўтишнинг асосий босқичлари ва талаблари бўйича тажриба алмашиш ҳамда хорижий экспертлар билан бевосита мулоқот учун платформа яратишдан иборат.
Шу жиҳатдан, A3ES тажрибаси Ўзбекистон олий таълим ташкилотлари учун Европа сифат кафолати талаблари, халқаро аккредитация механизмлари ва сифатни доимий такомиллаштириш ёндашувларини амалий жиҳатдан ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур семинар Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро сифат кафолати маконига интеграциялашувини кучайтириш, хорижий аккредитация тажрибасини ўрганиш ва олий таълим ташкилотларининг халқаро аккредитация жараёнларига тайёргарлигини ошириш йўлидаги муҳим амалий платформалардан биридир.
Муҳайё Турдалиева, Дониёр Якубов, Салимжон Обиджонов, ЎзА