Ўзбекистон-Канада: геология соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланади
Геология-қидирув ишларида замонавий технологиялардан фойдаланиш, сейсмик маълумотларни самарали қайта ишлаш ва ер ости қатламларини чуқур ўрганиш соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор технологияларни амалиётга жорий этиш янги ҳамкорлик имкониятларини очади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти Канаданинг “Thrust Belt Imaging” (TBI) компанияси президенти Грег Кемерон бошчилигидаги делегация билан учрашувида мазкур йўналишлардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, сейсмик маълумотларни қайта ишлаш, геофизика ва геология-қидирув соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари, ер ости қатламларини визуаллаштиришнинг замонавий технологиялари ҳамда бу борадаги Канада тажрибасини ўрганиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, геологик маълумотларни маҳаллий сақлаш ва улардан фойдаланиш талаблари, энергетика ва минерал ресурслар соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг кейинги босқичида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА