Наманганда иқтисодий ўсишга эришилмоқда
Бугунги кунда 3 миллион 214 мингга яқин доимий аҳолисига эга бўлган, республиканинг кичик бизнес, тадбиркорлик маркази ҳисобланган Наманган вилояти иқтисодиётида барқарор ўсишга эришилмоқда.
Вилоят статистика бошқармаси бош мутахассиси Нуриддин Исмоиловнинг қайд этишича, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 45,5 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 108,3 фоизга етди.

Жумладан, аҳолининг умумий даромадлари 36,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,5 фоизга ошди. Ҳисобот даврида 20,3 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, физик ҳажм индекси 108,7 фоизни ташкил қилди.
Биргина қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 21,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 104,9 фоизга етди.

Қурилиш соҳасида бажарилган ишлар ҳажми эса 8,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 113,4 фоиз бўлди. Бозор хизматлари ҳажми эса 30,7 триллион сўмга етди ва 115,9 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Чакана савдо товар айланмаси 15,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 24,7 фоизга ошди. Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 36,6 триллион сўм бўлиб, ўсиш суръати 120,1 фоизга етди.

Ўтган даврда 18,6 миллион тонна юк ташилиб, ўсиш суръати 110,9 фоизни ташкил этди. Йўловчи ташиш ҳажми эса 267 миллион кишига етди. Ташқи савдо айланмаси 885,4 миллион долларни ташкил қилди. Шундан экспорт ҳажми 393,2 миллион доллар бўлиб, ўсиш суръати 120,7 фоизга етди. Импорт эса 49,2 миллион долларни ташкил этиб, 108,8 фоизлик ўсишга эришилди.
Эътироф этиш даркор, вилоятда инвестициялар охирги беш йилда 5,4 баробарга ошди. 2022 йилнинг январь–июнь ойларида асосий капиталга 6,8 триллион сўм инвестиция киритилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 8,6, 2024 йилда 25,9, 2025 йилда 30,3 триллион сўмга етган. Инвестициялар ҳажми 2026 йилда 36,6 триллион сўмни ташкил қилди. Шу тариқа, жорий йилдаги кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 баробарга ошди.

Ушбу манба ҳисобига 29,2 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Корхоналар маблағлари ҳисобидан 3,1 триллион сўм, банк кредитлари ва бошқа қарз маблағлари ҳисобидан 1,1 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилди.
Шунингдек, аҳоли маблағлари ҳисобидан 1,6 триллион сўм, республика кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобидан 888 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бюджет маблағлари ҳисобига эса 722,8 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди.

Эътиборлиси шундаки, Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳаларида барқарор ўсиш таъминланмоқда. Шу йил январь–июнь ойларида мазкур йўналишларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 21,5 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Поп туманида қайд этилган бўлиб, бу ерда 2 триллион 395,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Бу борада мазкур кўрсаткич Чуст туманида 2 триллион 123,5 миллиард сўмни ташкил этди. Тўрақўрғон туманида 2 триллион 28,7 миллиард сўм, Наманган туманида 1 триллион 972,9 миллиард сўм, Учқўрғон туманида 1 триллион 952,2 миллиард сўмлик қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари яратилди.

Уйчи туманида 1 триллион 793,5 миллиард сўм, Мингбулоқ туманида 1 триллион 699,6 миллиард сўм, Чортоқ туманида 1 триллион 593,7 миллиард сўм, Янгиқўрғон туманида 1 триллион 410,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Косонсой туманида 1 триллион 343,1 миллиард сўм, Наманган шаҳрида 1 триллион 155,9 миллиард сўм, Норин туманида 1 триллион 155,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.