Давлат ижрочилари 486 мингга яқин ижро ҳужжатини тугатди
Термизда МИБ Сурхондарё вилоят бошқармасининг жорий йил тўққиз ойлик якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда бошқарма бошлиғи ўринбосари Даврон Абдуллаев Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг шу йил 9 ойида амалга оширган ишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

Қайд этилгнидек, йилнинг ўтган даврида бошқарма органлари иш юритувида бўлган 9 триллион 293 миллиард 670 миллион сўмлик 850 мингта ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, 5 триллион 377 миллиард 673 миллион сўмлик қарийб 486 мингта ижро ҳужжати тамомланди. Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 643,7 миллиард сўм ёки 31 фоизга ўсди.

Давлат ижрочилари вилоятда алимент ундирувлари билан боғлиқ 30 минг 137 та ижро ҳаракатларини олиб бормоқда. Шу даврда алимент олувчиларнинг пластик карталарига 132 миллиард сўм ундирилиб, 1 миллиард 344 миллион сўм алимент пуллари олдиндан тўлов сифатида ундирилган. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 229 миллиард сўм тўлатилган. Мутасадди идоралар ҳамкорлигида 437 нафар ишсиз алимент қарздорларининг ишга жойлаштирилиши таъминланган. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига 88 миллиард 717 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.

Бошқарманинг қидирув шўъбаси ходимлари алимент тўлашдан яшириниб юрган 344 нафар шахсни топиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочиларига топширилган. Ҳозир қидирувда бўлган 129 нафар алимент тўловчининг 3 нафари чет элда экани аниқланиб, халқаро қидирув учун сўровнома юборилган. Алимент тўлашдан бош тортган 69 нафар қарздор жиноий жавобгарликка тортилган.

Йилнинг ўтган даврида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган турар жойлари ва бино иншоотлари учун 62 миллиард сўм компенсация маблағи ундириб берилди. Айни пайтда қолдиқ бўлиб турган қиймати 20 миллиард 600 миллион сўмлик 43 та иш юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суд ҳужжатлари асосида фуқароларни ишга тиклаш ва иш ҳақларини ундиришга оид ижро ҳужжатлари алоҳида назоратга олиниб, ҳисобот даврида ноқонуний ишдан бўшатилган 43 ходим ишга қайта тикланди. 125 та ижро ҳужжатига асосан фуқаролар фойдасига ўз вақтида тўлаб берилмаган икки миллиард 326 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди.

Матбуот анжуманида, шунингдек, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, давлат ижрочиларининг иш юкламаси, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилган тарғибот ишлари хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Журналистларнинг таклиф ва тавсиялари тингланди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири