Ўзбекистон ISO Food Security ташкилоти уставига қўшилди
Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти – Islamic Organisation for Food Security уставига расман қўшилишга имзо чекди.
Мазкур ҳужжатда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ҳамда қўшма ҳамкорлик платформасини шакллантиришни кўзда тутади.

Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти вазифалари аъзо давлатларнинг мавжуд ресурсларини бирлаштириш, илғор тажриба ва технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда соҳага инвестициялар жалб қилишни рағбатлантиришга қаратилган.

Бу қадам Ўзбекистоннинг глобал озиқ-овқат танқислиги, иқлим ўзгариши оқибатлари, чўлланиш ва ерларнинг шўрланиши каби долзарб муаммоларга қарши халқаро саъй-ҳаракатлардаги иштирокини янада кенгайтиради.

Гулноза Бобоева,
ЎзА