Семинар ғалла ўрим-йиғимига бағишланди
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги дон қабул қилиш пунктида далаларда пишиб етилган ғаллани қисқа фурсатларда ўриб-йиғиб олиш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Зафар Рўзиев, туман ҳокими Шавкат Дарвишев, туман прокурори Самандар Раззоқов, соҳа мутасаддилари, фермерлар ва механизаторлар ҳар бир бошоқ меҳнат маҳсули, ҳар бир дон барака эканини яна бир бор таъкидлашди.
Жорий йилда туманда 14 минг 700 гектар майдонга ғалла экилиб, 150 минг тоннадан зиёд дон етиштириш режалаштирилган. Бу юксак маррага етишиш учун махсус штаб тузилиб, 22 та ўрим отрядига 65 та замонавий комбайн бириктирилгани, қарийб 300 та транспорт воситаси жалб этилиши белгилангани ишнинг пухта режа асосида йўлга қўйилганини кўрсатади.
Семинарда ўрим-терим ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, дон қабул қилиш масканларининг шайлиги, техника ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жорий йил 5 май куни вилоят ишчи гуруҳи томонидан туманда мавсумда иштирок этадиган комбайнларнинг тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Жами 59 та комбайн, жумладан, “Клаас Доминатор-130”, “Лида-1300”, “Вектор-410”, “Кейс-2366”, “Кейс-4088”, “New Holland” туркуми ҳамда “Клаас ТУКАНО-430” каби замонавий техникалар далага тушиш арафасида. Шу билан бирга, яна 15 та янги комбайн харид қилиниши режалаштирилган.
[gallery-29274]
“ЎзКейсСервис” қўшма корхонаси ҳамда “Ўзклаассервис” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари билан ҳамкорликда техникалар тўлиқ инспекциядан ўтказилиб, аниқланган нуқсонлар бартараф этилмоқда. Мавжуд комбайнларни таъмирлаш учун 1 миллиард 811 миллион сўм маблағ йўналтирилиб, эҳтиёт қисмлар етказиб берилди ва таъмир ишлари якунига етказилмоқда. Бу мавсумга жиддий ёндашув, натижага масъулият билан қараш намунасидир.
Айтиш жоиз, мамлакатимизда аграр соҳани изчил ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш ва йиғим-терим ишларини самарали ташкил этишга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, Президентнинг 2020 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада тизимли ишларнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатларда ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, техникалардан самарали фойдаланиш ва донни тезкор қабул қилиш тизимини такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Дарҳақиқат, ғалла халқ ризқи, давлат қудратининг мустаҳкам таянчидир. Уни асраб-авайлаб, бир донасини ҳам йўқотмасдан омборларга етказиш — бугунги куннинг энг долзарб вазифаси.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА