Бурч, жасорат, матонат
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон экологик партияси Хоразм вилоят Кенгаши ва Ўзбекистон Чернобилчилари ассоциациясининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган байрам тадбирининг шиори ана шундай номланди.
Уч юзга яқин иштирокчи, жумладан, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчиларни бирлаштирадиган ушбу анжуманнинг асосий мақсади Ватан равнақи йўлида хизмат қилган аждодлар хотирасини эъзозлаш ҳамда ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини юксалтиришдир.
Тадбирда бундан 40 йил муқаддам Чернобил атом электр станциясида юз берган фалокат, унинг оқибатларини бартараф этишда вилоятдан иштирок этган инсонлар ҳамда уларнинг бугунги ижтимоий аҳволи ҳақида сўз юритилди. Афғонистон ҳудудида олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар, урушда ҳалок бўлганлар ва оиласи бағрига тирик қайтганлар, бугунги кунда уларга кўрсатилаётган эътибор юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан анъанага айланган мазкур тадбирлар жорий йилда “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида ўтказилаётгани, бу эса мамлакатимизда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган эътиборнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.
– Биласизми, инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Бугунги анжуман шунчаки бир йиғилиш эмас, – дейди Ўзбекистон Чернобилчилари уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раиси Фахриддин Аҳмедов. – Бу ўтганлар руҳига эҳтиром ва келажак эгаларига сабоқ мактабидир. Биз каби умрини Ватан ҳимоясига, эл хизматига бағишлаган инсонлар учун эъзоз ва эътибордан улуғроқ мукофот йўқ. Уч юз нафарга яқин иштирокчининг бир жойга тўпланиши, айниқса, ёшларнинг кўзидаги шижоатни кўриш бизга ўзгача ғурур бағишлайди. Биз эккан ниҳоллар бугун мана шундай бақувват чинорларга айланганини кўриб, қилган хизматимиздан рози бўламиз.
Байрам давомида қатор фахрийлар тақдирланди, маданий-бадиий чиқишлар ҳамда ёшлар иштирокидаги ватанпарварлик руҳидаги саҳна кўринишлари намойиш этилди. Мазкур тадбир “Хотира ва қадрлаш куни”нинг мазмун-моҳиятини янада чуқур англаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва эҳтиром муҳитини мустаҳкамлаш, тарихий хотирани асраш ва қадрлаш ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари