Банклар 6 ойда 462 миллиард сўмлик шубҳали операцияларни тўхтатди
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида тижорат банкларидаги антифрод тизимлари орқали 18,1 миллиондан ортиқ шубҳали операция аниқланган. Уларнинг бир қисми чекланиб, қарийб 462 млрд.сўмлик маблағларнинг эҳтимолий фирибгарлик схемаларига жалб этилишининг олди олинган.
Рақамли тўловлар ва мобил банк хизматларидан фойдаланиш кенгайгани сари кибержиноят ва молиявий фирибгарлик хавфлари ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис банкларда мижозлар маблағларини ҳимоя қилишга қаратилган антифрод ва антивирус тизимларининг аҳамияти ортиб бормоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида антифрод тизимлари томонидан 18,1 миллиондан ортиқ шубҳали ҳолат қайд этилган. Мазкур тизимлар банк операцияларини хавф даражаси бўйича автоматик таҳлил қилиб, фирибгарлик эҳтимоли юқори бўлган операцияларни чеклаш имконини беради. 186,7 млрд сўмлик операция чекланган.
Бу кўрсаткичлар банкларда рақамли хавфларни аниқлаш ва уларга тезкор жавоб қайтариш механизмлари тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Фақат банк операцияларини назорат қилиш эмас, балки мижозларнинг мобиль қурилмаларини зарарли дастурлардан ҳимоялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банкларнинг мобиль иловаларида жорий этилган антивирус тизимлари смартфонларга ўрнатилган зарарли .apk файллар ва дастурларни аниқлаб, бундай қурилмалардан банк хизматларидан фойдаланишни вақтинча чеклайди.
Мазкур йўналишда «Ипак Йўли банки» энг юқори кўрсаткични қайд этган. Банк 991 179 та қурилмани зарарли дастурлар аниқлангани сабабли чеклаган ва уларнинг 57 326 тасини зарарли дастурлардан тозалаган. Бошқа банкларда ҳам салмоқли кўрсаткичлар қайд этилган. Хусусан, «Orient Finans Bank»да 93 117 та, «Agrobank»да 55 955 та, «APEX BANK»да 30 506 та, «TBC Bank»да 29 154 та, «InFinBank»да 23 707 та, «SQB»да 13 544 та, «Mikrokreditbank»да 11 285 та, «Tenge Bank»да 6 914 та ва «Openbank»да 5 998 та қурилма чекланган. Шу билан бирга, айрим банкларда зарарли дастурлардан тозаланган қурилмалар сони ҳам юқори. Масалан, «InFinBank»да 23 707 та, «SQB»да 13 544 та қурилманинг барчаси зарарли дастурлардан тозаланган.
Марказий банк таҳлилига кўра, бошқа банкларда ҳам мазкур тизим орқали 25 877 та қурилма чекланган ва 1 820 849 та қурилма зарарли дастурлардан тозаланган. Экспертлар таъкидлашича, банкларнинг техник ҳимоя воситалари фирибгарлик хавфини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ мижозларнинг ўзи ҳам рақамли хавфсизлик қоидаларига амал қилиши зарур. Номаълум манбалардан .apk файлларни ўрнатмаслик, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, банк картаси маълумотлари ва SMS-кодларни бошқаларга бермаслик молиявий хавфларни камайтиришнинг энг муҳим чораларидан ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, «Session antifrod» ва антивирус тизимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг PQ-381-сон қарорига мувофиқ тижорат банкларида мижозлар маблағлари ва мобиль қурилмаларини турли рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган.
Бугун банклардаги рақамли ҳимоя тизимлари нафақат шубҳали операцияларни аниқлаш, балки зарарли дастурларни олдиндан бартараф этиш орқали мижоз маблағларининг хавфсизлигини таъминлашда муҳим воситага айланмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА