Ўзбекистон – Грузия: адлия соҳасида ҳамкорлик имкониятлари кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Грузия ўртасида адлия, ҳуқуқий ёрдам ва ижро тизими соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик шартномавий асосга эга бўлиб, сўнгги йилларда янги стратегик босқичга кўтарилди. Хусусан, икки давлат ҳуқуқ тизимини рақамлаштириш, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш ва мажбурий ижро соҳаларида фаол тажриба алмашмоқда.
Шунга кўра, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Грузия Адлия таълим маркази директори бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ташрифнинг асосий мақсади Институт ва Грузия Адлия таълим маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш орқали икки томонлама алоқаларнинг ҳуқуқий асосини яратишдан иборат бўлди. Мазкур ҳамкорлик юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ўзаро тажриба алмашиш, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда қўшма таълим ташаббусларини ривожлантириш учун муҳим имкониятдир.

Халқаро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти — илғор тажрибани ҳуқуқшунослар фаолиятига татбиқ этишга кўмаклашиш. Бу эса фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Г.Бобоева, ЎзА