Ўзбекистон-Гонконг: ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг Гонконг Махсус маъмурий ҳудуди Адлия котиби, делегация раҳбари Пол Лам билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги иқтисодий-молиявий алоқаларни янада ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ҳамда мамлакат иқтисодиёти учун янги молиялаштириш манбаларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Гонконгнинг халқаро молия соҳасидаги илғор тажрибаси ва замонавий молиявий инструментлардан самарали фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилди. Шунингдек, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд салоҳиятдан иқтисодий жараёнларда самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт устуворликларидан келиб чиқиб, муҳим инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, уларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва халқаро ҳамкорлик имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.
Мулоқот давомида иқтисодий соҳалар билан бир қаторда, туризм, таълим ва сунъий интеллект йўналишларида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, мутахассислар ўртасида билим ва тажриба алмашиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, молиявий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги истиқболли йўналишларда биргаликда ишлашни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА