Ўзбекистон делегацияси Гуанчжоуда илғор фармацевтика ва агротехнологик ечимлар билан танишмоқда
Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрига амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида Тиббиёт ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги вакиллари "Guangzhou Pharmaceuticals" гуруҳи таркибидаги етакчи фармацевтика корхоналаридан бири фаолияти билан танишди.
Сафар давомида меҳмонларга фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш бўйича замонавий автоматлаштирилган линиялар, шунингдек омбор хўжалиги ва таъминот жараёнларини самарали бошқаришга хизмат қилувчи интеллектуал логистика мажмуаси имкониятлари тақдим этилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда шарқ табобатини ривожлантириш истиқболлари, фармацевтика ишлаб чиқариши, таълим, илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация доривор ўсимликларни етиштириш соҳасида жорий этилган инновацион ечимлар билан танишди. Компания мутахассислари тупроқ ҳолати ва экинларни реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини берувчи смарт-технологиялар, шунингдек ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга қаратилган энергия бошқаруви тизимларини намойиш этди.
"Guangzhou Pharmaceuticals" вакиллари Ўзбекистонда кузатилаётган юқори иқтисодий ўсиш суръатлари, бизнес муҳитдаги ижобий ўзгаришлар ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган қулай шароитларни юқори баҳолаб, мамлакат фармацевтика бозори имкониятларини янада чуқур ўрганиш ва ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.
Хизмат сафари давом этмоқда. Дастур доирасида фармацевтика, таълим ва илмий тадқиқотлар соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишга қаратилган қатор учрашувлар ва корхоналар фаолияти билан танишиш режалаштирилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА