Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида янги саҳна асарининг премьераси ўтказилди
Мазкур саҳна асарида халқ оғзаки ижодининг энг ёрқин ва севимли ҳажвий қаҳрамони Хўжа Насриддин Афанди образига хос жиҳатлардан фойдаланилган.
Маълумки, Насриддин Афанди – соддалик ва топқирлик рамзи. Афанди Шарқ халқлари оғзаки ижодида машҳур бўлган, зукколик, ҳозиржавоблик ва халқчиллик тимсоли сифатида гавдаланган ҳажвий қаҳрамондир. У халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган, зукколиги, ҳозиржавоблиги, ўткир ҳазили ва адолатпарварлиги билан ажралиб туради. У ўзининг зукколиги ва доно мулоҳазалари орқали жамиятдаги турли иллатлар, нокаслик ва адолатсизликни кулги воситасида фош этади.
– Ушбу спектакль театримиз репертуари учун ҳозирги замон томошабинларига янгича кайфият бағишлайдиган, кўнгилочар ва шу қаторда ўзгача услубдаги саҳна асари бўлди, – деди актёр ва режиссёр Барот Ҳасанов. – Постановкачи режиссёр Шуҳрат Ибрагимов серқирра ижодкорлиги ва ўзига хос услуби, актёрлар жамоаси билан ишлашда ижодкорлар қобилиятини янада очишда маҳорат билан ёндашди. "Насриддин Афанди" спектакли оммабоп саҳна асари бўлади, деб бемалол айтиш мумкин.

Ушбу спектаклнинг муаллифи ва постановкачи режиссёри – Шуҳрат Ибрагимов, рассом – Сардор Отабоев, либослар бўйича рассом – Евгения Бисерова, хореограф – Малика Искандарова, мусиқа танловчи – Баҳодир Зокиров.
Саҳна асарида ролларни Бахтиёр Турғунов, Баҳодир Аҳмедов, Наргиза Маткаримова, Асқар Ҳикматов, Мусулмон Юнусов ва бошқалар ижро этган.
Эндиликда мазкур спектакль янги мавсумда репертуарга қабул қилиниб, намойишлари томошабинларга тақдим этилади.
Н.Усмонова, ЎзА