Ўзбек шоираси Колумбияда бўлиб ўтаётган халқаро шеърият фестивалида иштирок этмоқда
Колумбиянинг Медельин шаҳрида ўтказилаётган халқаро шеърият фестивалида Ўзбекистон вакили, таниқли шоира Хосият Рустамова маърузаси ва шеърлари халқаро адабий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Дунёнинг турли мамлакатларидан келган шоир ва адиблар иштирок этаётган мазкур нуфузли анжуманда Хосият Рустамова маърузаси «Адабиётнинг ҳам қибласи бор» деб номланди. Маърузада адабиётнинг юксак маънавий масъулияти, унинг инсон қалбини эзгулик, адолат ва тинчлик сари бошлайдиган қудрати ҳақида фикр юритилди. Таъкидланганидек, адабиёт ҳеч қачон нафрат ва вайронагарчиликка хизмат қилмаслиги, унинг ҳақиқий қибласи инсон қадри, виждон ва маънавият экани бугунги глобал дунё учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Маърузадан сўнг ўзбек шоираси томонидан ўқилган шеърлар тингловчиларда катта таассурот қолдирди. Не-не даҳо шоир - ёзувчиларни етиштирган Лотин Америкаси шеър ихлосмандлари ҳамюртимизнинг ҳар-бир чиқишини алоҳида мамнуният билан карши олди.
Бугунги кунда маданий дипломатия халқлар ўртасидаги энг самарали мулоқот воситаларидан бирига айланмоқда. Шеърият эса турли тиллар ва маданиятларни бирлаштирувчи умуминсоний тилдир. Шу маънода Ўзбекистон ва Колумбия ўртасидаги адабий мулоқот халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Медельин халқаро шеърият фестивали жаҳондаги энг нуфузли шеърият анжуманларидан бири бўлиб, у ўттиз йилдан зиёд вақтдан буён тинчлик, эркин фикр ва халқлар ўртасидаги маънавий яқинлик ғояларини тарғиб этиб келмоқда.
Ўзбекистон вакили сифатида Хосият Рустамованинг ушбу халқаро анжумандаги иштирок ва чиқишлари миллий адабиётимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ЎзА