Аёл рассомнинг илҳом йўли
“Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, рассом Нодира Орипова билан суҳбат.
Ранглар ортида қандай қисмат яширинган? Аёл рассом бўлиш осонми? Тунларни бедор ўтказиб, ижод билан яшаш, эрталаб эса яна ҳаётнинг бошқа масъулиятларига шошилиш... Бу машаққатли йўлда ким унинг энг катта таянчи бўлди? Бугун ўзини эркин ижодкор деб биладиган рассом Нодир Орипова қандай асарлар устида ишлаяпти? Илҳом қаердан келади? Ижодкор учун эркинлик нимани англатади? Бу суҳбатда сиз нафақат бир рассомнинг ҳаёт йўли, балки сабр, меҳнат ва санъатга садоқат ҳақидаги самимий мулоҳазалар билан ҳам танишасиз. Ранглар ортидаги ҳақиқий ҳаётни кашф этиш учун мақолани албатта ўқинг. Балки бу суҳбат сизга ҳам янги илҳом бағишлар.
Истеъдодли рассом ва педагог Нодира Орипова 1959 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилган. 1980 йили П.Беньков номидаги Театр ва рассомчилик институтини 1986 йилда тамомлаган. 1999 йилдан Ўзбекистон Бадиий академиясининг ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Бир қанча Республика ва халқаро кўргазмалар қатнашчиси. 2011 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Асарлари АҚШ, Германия, Франция, Бельгия, Туркия каби кўплаб мамлакатларнинг музей ва шахсий галереяларида сақланади.
—Нодира опа, уйингизнинг ёнгинасидан анҳор суви ўтар экан. Табиатнинг сизга гўзал инъоми бўлса керак бу. Бундай ажиб манзара ижодкор руҳиятини яйратади. Ахир, табиат поклик ва ички озодлик тимсоли. Ҳар қандай рассом табиатдан нимадир олади, шундай эмасми? Нималар кечяпти хаёлингиздан? Мана шундай манзарани кўрганда одамнинг хаёлидан кўп нарса ўтади-да, ёшлик, қийналган пайтлар, шодлик, мактабда ўқиб юрган кезлар, ота уй, болалик ёки илк муҳаббат. Нима дедингиз?
—Тўғри айтдингиз. Табиат фақат гўзаллик эмас, битмас туганмас хазина, беадоқ илҳом, қалбга ором ва шиддат берувчи куч. Мен ҳам севаман табиатни. Ҳар бир рассом ижодга кириб келар экан табиатнинг унга таъсир этувчи омиллари кўп бўлади. Менинг рассом бўлиб шаклланишимда ўз оилам, оиладиги муҳит сабаб бўлган. Мен ўқитувчилар оиласидан чиққанман. Ота-онам ҳар доим кечки пайт расм чизиб ўтиришарди. Мен уларга ёрдам берардим. Шу тариқа қизиқиб кетганман. Қўлимга қалам ёки мўйқалам ушлаганимни, қизиқишимни кўриб, онам Каттақўрғон шаҳридаги пионерлар саройига рассомлик тўгарагига олиб борган. У ерда рассом Василий Петрович дарс берган. У менга натурадан чизишни ўргатган. Шу инсон ижодга кириб келишимга туртки бўлган. Санъатга бўлган қизиқишимни кучайтирган. Кейинчалик Павел Беньков номли билим юртида ўқидим. Манзарачи рассом Неъмат Қўзибоев устозим бўлган. Қачон табиат қучоғига чиқсам устозни эслайман. Табиатга чиқсанг, илҳом келади, фикр янгиланади. Ҳар фаслнинг ўз чиройи бор. Қиш ўзининг беқиёс оқлиги билан юракни тўлғонлантирган. Баҳор келиши билан табиат уйғонади, яшил, қизил, пушти ранглар пайдо бўлади. Бу, албатта, инсонга таъсир қилади. Ижодий ишларга туртки бўлади. Худди шунингдек, ёзги сариқликдан чиқиб, кузга кириши билан яна дарахтлар қизил ва олов тусга беланади. Мевалар пишади. Ҳар бир фасл рассомга қайси тарафдандир таъсир кўрсатади.
—“Диалог” номли асарингизни кўрган одам ҳайратланади: гулларга ўранган малика. Қўлида сеҳрли қушча. Малика сеҳрли қушча билан сирлашаётгандек. Бундай ҳолатлар эртак ва афсоналарда учрайди. Лекин афсонани тасвирда куйлаш, бу, авволо, меҳр ва меҳнат билан бирга, гўзалликни илғаш ҳамда муҳаббат ва халқимиз тарихини яхши билиш, миллий либосларимизни ҳурмат қилишни ҳам талаб килади. Шундай эмасми? Шу асар ҳақида ўзингиз нима дейсиз?
– Ҳар битта картинани юзта одам кўрса, юз хил қабул қилади. Сиз ҳозир шоирона руҳ билан талқин қилдингиз. Мени эса муаллиф сифатида қўшимча фикрларим бор. Бу асар экологияга бағишланган. Қушча табиатнинг элчиси, вакили тарзида менга мурожаат қиляпти. Экологияни асраш ҳозир фақат бизнинг ҳудудимиздаги муаммо эмас, балки бутун дунё муаммоси. Албатта, уни трагедия ҳолатида ёки қорамтир, кўкимтир ранглар билан ишласа ҳам бўларди. Лекин мен ўз табиатимга кўра, услубимга мос ишладим. Аёл образи ва унинг байрамона либослари табиат улуғлигига ишора. Гуллар ўз боғимда чирмашиб ўсадиган гул. “Диалог”ни табиатга доир турли фикрлар, муаммоларга муносабат сифатида ишлаганман.
— “Дўппиларим” деган картинангиздаги ранг-баранг дўппиларни кўриб, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасида баён этилган қуйидаги сўзлар эсимга тушди:
“Қайга бормай бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб,
Олам узра донғи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим,” — дейди ардоқли шоир.
Шоирнинг шу сўзлари ҳам сизга илҳом бермаганми, деган ўй ўтди ҳозир хаёлимдан. Жуда миллий ва ифтихор қиладиган асар бўлибди. Асарингизнинг яратилиш жараёни тўғрисида кўпроқ билгим келяпти.

— Ҳамма рассом вилоятларга чиқади, ижодий сафарларда бўлади. Мен қайси вилоятга борсам дўпписи ёки чопонини харид қилиб келаман. Йиғилган дўппилар, чопонлардан натюрморт сифатида ишлаб кўрдим. Кичкина натюрморт натижасида иккинчи ғоя пайдо бўлди. Ўзбегим аёллари билан биргаликда ишлаш фикри туғилди. Кўриб турганингиздек, ҳар бир дўппининг ранги, шакли-шамойили бор. Қашқадарё билан Сурхондарёда энг ёрқин рангларни ёқтиришади. Дўппиларда ҳам шу нарса акс этган. Бу ранглар воҳанинг табиатига хос. Фарғона, Тошкент вилоятларида мовий рангларни яхши кўришади. Бу сўзанада, кашталарда ва дўппиларда ҳам акс этади. Самарқанд, Бухорода зардўзлик, ялтир-юлтирларни яхши кўришади. Битта асар, иккинчи асарнинг яралишига туртки бўлади. Хоразм чўгирмалари ҳам жуда ажойиб. Қорақалпоқларнинг бош кийимлари ҳам ўзгача санъат асари.
—Ҳассос шоирамиз Жаҳон Отин Увайсий бекорга:
Ул на гумбаздур эшиг-у, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгунпўш қизлар, манзил айлабдур макон?
Синдириб гумбазни қизлар ҳолидин олсам ҳабар,
Юзларига парда тортиғлиқ турарлар, бағри қон — демаганлар-да анор чистонида.
— Тўғри бир замонлар аёлларга қийин бўлган. Бугун замон бошқа, даврон бошқа. Мен бахтиёр аёлларимиз образини анор воситасида мукаммал тасвирлашни орзу қиламан. Айниқса гуллаганда ва бағрига қараганда.
— Нодира опа, бу ерда сизнинг ўзбек аёлларини энг гўзал образлари тасвирланган санъат асарларингиз бор. Ёдимга яна бир шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг “Муқаддас аёл” шеъри эсимга тушди.
Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл! — деб ҳайқирган ардоқли опамиз.
— Ҳақиқатдан ҳам аёл - муқаддас! Самарқанд маликалари образларидаги тарихийлик билан замонавийликнинг бадиий талқинда мукаммал тасвирлангандир.
— Масалан, “Санамлар сайри” асарингизда аёллар либослари худди мусиқа каби эшитилиб тургандек бўлади. Буни топиш, яъни Амир Темур, Бибихоним яшаган давр ёки Барчиной яшаган афсоналарни эслаш учун одамда катта илм бўлиши керак. Рассомга илҳом берадиган яна қандайдир илҳом бахш нишон борми? Ўша нуқта қаерда? Сиз илҳомни қаердан оласиз?
— Албатта, ҳар қандай рассомга илҳом манбаи керак. Мен учун шундай манбалардан бири Самарқанддаги Афросиёб суратларидир. Шу суратларни ҳар гал кўрганимда жуда қаттиқ таъсирланаман. Қадим деворларда шоҳлар, маликалар жонлангандек тасаввурга эга бўламан. Деворий суратлардан илҳомланиб “Санамлар сайри” яратилган. Афсуски, Афросиёбда деворий суратларнинг бир қисми сақланиб қолган. Қолганини бешавқат вақт ювиб юборган. “Санамлар сайри” асаримда ҳар бир аёлнинг ўзига хос сир-синоати, ички руҳиятини кўрсатишга интилганман. Ғарб ва Шарқ санъатини битта картинага жойлаштиришга ҳаракат қилганман. Камолиддин Беҳзод, Музаххиб каби рассомларнинг ишларини кузатиш асосида шундай асарлар дунёга келган. Аёллар қандай либосда бўлганини ўргандим. Озгина замонавийлаштирдим. Миллий кийимларимиз мени кўпроқ илҳомлантиради. Тақинчоқлар, атлас ва адрасларимиз мен учун қадрли. Менга илҳом манбаи.
—Аёл рассомларимиз йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Аёл рассом бўлишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Чунки аёл она, у болаларини тарбиялаши керак, уй юмушлари... Сиз 28 йил давомида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида талабаларга дарс бердингиз. “Дунёдаги 100 аёл рассом” китобига кирдингиз. Ютуққа эришиш осон бўлмагандир?
— Ижодкор авваломбор, касбига содиқ бўлиши керак. Ҳар қандай шароитда чегараланиб қолмаслиги керак. Айтайлик, сиз шоирсиз, ижодкорсиз, бошқа касб эгаси ҳам бўлишингиз мумкин. Битта қалам билан сиз ижод қила оласиз. Лекин рассомга кенг шароит керак. Устахона, ёруғлик, маблағ керак. Яъни, матолар, бўёқлар керак. Буларнинг ҳаммаси бўлсагина тўлақонли ижодкор бўла оласиз. Бу масалада оилам ҳар доим мени қўллаб -қувватлаган. Керакли шароитлар яратиб берган. Ҳар доим ўз имкониятимни ижодга бағишлай олганман. Композиция, қаламтасвир, рангтасвир фанларидан дарс бериш жараёнида ҳам изланганман. Талабаларга нимадир бериш учун ўзингизга билим етарли бўлиши керак-да.

Дарс бериш ҳам билим манбаини кучайтиришга ёрдам беради. Яқинда “Оқсарой маликалари” деб номланган асарни ишлай бошладим. Мендан кўк сарой маликаси, яшил сарой маликаси, ҳар хил саройлар маликаси бор, лекин оқ сарой маликаси йўқми, деб кўп сўрашади. Шу мавзу ўзимни ҳам ўйлантириб юрарди. Шаҳрисабздаги Оқсаройни тасвирлаш режамда бор. Эскизлар ишлаганман. Умуман олганда аёл, улуғ. Ҳар бир аёл ўз оиласининг маликаси. “Санъатимиз маликалари” туркумини яратишни ҳам ният қилганман. Жуда таниқли актрисаларимиз бор. Қўшиқчиларимиз бор. Уларни тасвирлаш учун суҳбат қилишим, кўришиб гаплашишим керак.
— Асарларингизда “Анор” тасвири кўп учрайди. Бунинг сабаби нима?
— Бекорга анор — жаннат меваси, дейилмайди. Анорнинг шифобахш хусусиятлари, фойдали тарафлари оз эмас. Анор аслида меванинг бир тури. Аммо шоирлар каби рассомлар ҳам анорни рамзий маънода оила рамзи, меҳр-муҳаббат рамзи сифатида ишлатади. Мен ҳам ижодимда анорга кўп мурожаат қилганман. Олдин натюрморт шаклда ишладим. Кейинчалик композицияларимга кирди. Анор мени ранги ва жозибаси билан қизиқтиради. Айниқса тарс-тарс ёрилган анор ичидаги мевалари! Қип-қизил, жуда чиройли. Ўндан ортиқ шу мавзуда асар яратган бўлсам-да, анорнинг жозибасию, чиройини кўрсата оладиган асарни ярата олганим йўқ.

— Нодира опа, асарларингизни кузатиб, сизни “Аёл бахтининг куйчиси” дегим келяпти. Асарларингизнинг аксариятида ўзбек аёлларининг шарқона образини акс эттиргансиз. Уларга қараб Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Аёл” шеъридаги:
“Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл”, — деган сатрлари ёдимга тушди. Ҳақиқатан ҳам сиздек меҳнаткаш ва талантли аёллар бўлмаса, аёл зоти бунчалар муҳтарам бўлмасди.
Мунира РАМАЗОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.