Ўзбекистон Боннда иқлим мажбуриятларини бажариш бўйича эришилган натижаларни тақдим этди
Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтган Тараққиётни кўп томонлама кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи сессияси (FMCP3)да Ўзбекистон Республикаси делегацияси мамлакатнинг иқлим соҳасидаги ютуқлари ва амалга оширилаётган ислоҳотларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этди.
Миллий иқлим маркази директори Фаррух Сатторов бошчилигидаги делегация БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли Конвенцияси доирасида ўтказилаётган Ёрдамчи органларнинг 64-сессиясида иштирок этди. FMCP3 жараёни мамлакатлар ўртасида иқлим мажбуриятларини бажариш бўйича очиқ ахборот алмашиш, шаффофликни таъминлаш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир давомида Ўзбекистон миллий иқлим мажбуриятларини бажариш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг иқлим хавфларига чидамлилигини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижаларини тақдим этди.
Фаррух Сатторов ўз чиқишида Ўзбекистон шаффофликни самарали иқлим сиёсати асоси сифатида баҳолашини ва Париж келишуви доирасидаги кенгайтирилган шаффофлик тизими бўйича мажбуриятларга содиқ қолишини таъкидлади. Шунингдек, иқлим ўзгариши Марказий Осиё мамлакатлари учун жиддий хавф туғдираётгани, сув ресурслари танқислиги, ерлар деградацияси ва музликлар эриши каби муаммоларни кучайтираётгани қайд этилди.
Йиғилишда янгиланган Миллий миқёсда белгиланган ҳисса (NDC) дастурига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2035 йилга қадар 2010 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг углерод сиғимини 35 фоизга камайтириш бўйича аввал белгиланган мақсад муддатидан олдин бажарилгани ва эндиликда янада юқори кўрсаткичларга эришиш учун қўшимча чоралар кўрилаётгани маълум қилинди.
Тақдимотда мамлакатда амалга оширилаётган йирик қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳалари натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларида “яшил” энергия улуши қарийб 30 фоизга етгани таъкидланди. 2030 йилга бориб мазкур кўрсаткичнинг 50 фоиздан ошиши кутилмоқда.
Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳисобига ҳар йили қарийб 10 миллиард куб метр сув тежалмоқда. Шунингдек, иссиқхона газлари инвентаризацияси тизимини такомиллаштириш, маълумотларни йиғиш механизмларини ривожлантириш ва иқлим ҳисоботларини тайёрлаш салоҳиятини ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА