Ўзбекистон–Беларус илмий-техник ҳамкорлиги ривожланмоқда (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида Беларус давлат алоқа академияси билан илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий технологияларни таълим жараёнига жорий этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 26-августдаги ПҚ–302-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Жамоат хавфсизлиги университетида халқаро илмий лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Беларус давлат алоқа академияси ҳамкорлигида “Телекоммуникацион оптик тола асосида комбинацияланган датчикларни яратиш тамойиллари” мавзусидаги қўшма фундаментал илмий-техник лойиҳа амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади телекоммуникацион оптик толалар асосида замонавий датчикларни яратиш, уларнинг техник имкониятларини ўрганиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда қўллаш истиқболларини кенгайтиришдан иборат. Ҳамкорлик доирасида Беларус давлат алоқа академиясининг Истиқболли ахборот-коммуникация технологиялари соҳавий лабораторияси ходимлари университетга ташриф буюрди. Ташриф давомида томонлар илмий-тадқиқот ишлари натижалари, истиқболдаги вазифалар ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, университет курсантлари учун “Оптик-толали ўлчов тизимлари” фани бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Машғулотларда хорижий мутахассислар телекоммуникация оптик толаси ёрдамида киришни аниқлаш тизимлари ҳамда объектларнинг физик параметрларини назорат қилиш ва ўлчашга мўлжалланган толали-оптик датчикларнинг ишлаш принциплари ҳақида маълумот бердилар. Амалий машғулотларда оптик-толали ўлчов тизимларининг техник имкониятлари, уларни объектларни қўриқлаш, киришни назорат қилиш ва хавфсизлик тизимлари самарадорлигини оширишда қўллаш масалалари ёритилди.
Бу эса курсантларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда замонавий технологиялар билан яқиндан танишишига хизмат қилди. Университетда Беларус давлат алоқа академияси вакиллари иштирокида “Оптик толанинг эгилиши асосида ишловчи амплитудавий толали-оптик датчиклар” номли монография тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Монографияда оптик толаларда ёруғлик нурланишининг тарқалиши, тола эгилганда нурланиш интенсивлигининг ўзгариши ва ушбу ҳодисага асосланган датчикларнинг ишлаш принциплари баён этилган.
Шунингдек, мазкур технологиялардан турли объектларнинг физик параметрларини назорат қилиш, техник ҳолатини баҳолаш ва эҳтимолий хавфли вазиятларни эрта аниқлашда фойдаланиш имкониятлари кўрсатиб берилган.
Мазкур илмий изланишлар ва амалий тадбирлар Ўзбекистон ҳамда Беларус таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор илмий тажрибаларни таълим жараёнига татбиқ этиш ва инновацион технологияларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
М.Турдалиева, Н.Абдувоитов.ЎзА