Иқтидор соҳибалари сараланди
Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг Андижон вилояти Избоскан тумани босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсиши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, мамлакатимизнинг фаол, иқтидорли, ижодкор қизлари учун таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда. Жумладан, танловнинг Андижон вилояти Избоскан туман босқичида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 20 нафарга яқин иқтидорли қиз-аёллар еттита йўналишда белгиланган шартлар асосида ўз иқтидор, маҳорат ва салоҳиятларини намойиш этди.


– Танловда барча йўналишлар бўйича иштирокчилар ўзларинг ютуқ ва иқтидорларини намойиш этди, – дейди Избоскан тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Шоҳидахон Азизова. – Энг муҳими, қизларнинг фаоллиги, танловда иштирок этишга бўлган иштиёқи ортиб бораётганлиги эътиборга молик.
Саралаш жараёнида номзодларнинг билим ва салоҳияти, ижодий ишлари, эришган натижалари, шунингдек, жамоат ишларидаги фаоллиги ва ташаббускорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, йўналишлар бўйича 9 нафар иқтидорли қиз танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғолиблар туман ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири