Ёрдамдан имконият сари
Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, хотин-қизлар ва болаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда вилоятдаги 516 та маҳаллада 514 нафар ижтимоий ходим фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида аҳолига 120 турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 минг 525 нафар шахс ва оила бўйича индивидуал иш олиб бориш учун кейслар очилди.
Ҳисобот даврида “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган 22 минг 388 та аризанинг 15 минг 335 таси бўйича ёрдам кўрсатилиб, бу мақсадларга 12,7 миллиард сўм йўналтирилди. Маблағлар эҳтиёжманд фуқароларнинг даволаниши, дори-дармон, озиқ-овқат ва кийим-кечак харид қилиши, уй-жойини таъмирлаши ҳамда коммунал тўловларини қоплаши учун сарфланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ваучер тизими орқали 3 минг 199 нафар фуқаро протез ва реабилитация воситалари билан таъминланди.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ўзгалар парваришига муҳтож 3 минг 860 нафар фуқарога беш турдаги ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Уларга ижтимоий-маиший ёрдам ва реабилитация хизматлари ташкил этилмоқда.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида ҳам тегишли чоралар кўриляпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 9 минг 735 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Мурожаатлар асосида психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури амалга оширилмоқда. Жорий йилда ушбу тоифадаги 27 нафар ёшни уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 22 нафари учун уй-жой сотиб олинди.
Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларнинг таълим олиши учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Вилоятдаги 60 та мактабгача таълим ташкилотида 126 та инклюзив гуруҳ, 223 та умумтаълим мактабида 453 та инклюзив синф фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, олтита “Илк ривожланиш маркази”га 812 нафар бола қамраб олинди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати ташкил этилган. Ҳисобот даврида 6 минг 460 нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланди.
[gallery-32133]
Амалга оширилаётган ушбу ишлар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларнинг мустақил ҳаёт кечириши, таълим олиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА