Ўзбекистон банк тизимида тарихий бурилиш
Бугунги кунда жаҳон молия бозорида энг тез ривожланаётган йўналишлардан бири бу - исломий молия тизими. Кўпчилик бу тизимни фақат диний қарашлар билан боғласа, аслида у адолатли шерикчилик ва ҳақиқий фаолликга асосланган кучли иқтисодий йўлдир. Узоқ кутилган ислоҳотлардан сўнг, ушбу тизим Ўзбекистон молия бозорига ҳам расман ва қонуний тарзда кириб келди.
Ўзбекистонда исломий банклар узоқ вақт давомида ҳуқуқий тарафлама кучли пойдевор йўқлиги сабабли тўлиқ шакллана олмаётган эди. Бироқ яқинда мамлакат иқтисодиёти учун тарихий воқеа юз берди. Ҳозирги кундаги фактларга асосан, 2026 йил 27 март куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан "Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун имзоланди. Қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтиб (2026 йил июнь ойидан) тўлиқ кучга киради.
Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозирги босқичда фақат анъанавий банк тизими билан молия бозорининг тўлиқ салоҳиятини очиб бера олмаяпти. Заруратнинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:
Биринчи навбатда аҳолини молия тизимига жалб этиш. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг кўп қисми диний қарашлар ва қўшимча фоизларнинг қимматлиги сабабли анъанавий банкларнинг фоизли кредитларидан ва омонатларидан фойдаланмайди. Исломий банклар эса ушбу молия тизимидан ташқарида қолаётган йирик аҳоли қатламини иқтисодиётнинг фаол иштирокчисига айлантириш учун муҳим.
Экспертларнинг таҳлилларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қўлида банк тизимига кирмасдан турган миллиардлаб доллар нақд пул маблағлари бор. Исломий банклар эса бу пулларни ҳалол инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш учун ишончли кўприк вазифасини ўтайди. Яна бир сабаб хорижий инвестицияларни кенгайтиришдир. Дунёда исломий молия активлари ҳажми 4,5 триллион доллардан ошиб кетди. Ўзбекистонда ушбу тизимнинг қонуний йўлга қўйилиши Яқин Шарқ, БАА, Саудия Арабистони, Қатар ва Малайзия каби бой араб инвестиция фондларининг мамлакатимизга тўғридан-тўғри сармоя киритишига йўл очади. Бу имкониятлар Ўзбекистон учун жудаям катта янгилик ва имкониятлар бўлди, десак адашмаган бўламиз.
Албатта, Ўзбекистон учун исломий банкларнинг афзалликлари кўп. Масалан, 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирози даврида дунёдаги анъанавий банклар синаётган бир даврда, ислом банклари деярли зарар кўрмаган. Чунки улар асоссиз хавфли молиявий тарафлар билан ишламайди. Оддий аҳоли ва катта тадбиркорлар учун афзалликлари эса, агар тадбиркор ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар масалан, табиий офат ёки пандемия сабабли зарар кўрса, ислом банки шартномага кўра зарарнинг маълум қисмини ўз бўйнига олади. Анъанавий банк эса уйингизни сотиб бўлса ҳам фоизни ундиради. Бундай исломий банкларга ҳозирги кунда Ўзбекистонда ички талаб жуда юқори. Буни расмий сўровномалар ҳам исботлайди. Фактларга кўра, БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан ўтказилган сўровномаларда Ўзбекистон иқтисодиётида аҳолининг 68 фоизи ва тадбиркорларнинг 60 фоизи диний эътиқодлари (фоиз, рибо сабабли) анъанавий банк хизматларидан фойдаланишни хоҳламайди ёки умуман фойдаланмайди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра эса исломий банкларнинг жорий этилиши орқали Ўзбекистон иқтисодиётига 10 миллиард долларгача маблағлар жалб қилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, марказий банк прогнозларига кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда 10 тага яқин тўлиқ исломий банк очилиши кўзда тутилмоқда.
Исломий банкларнинг Анъанавий банклардан асосий фарқлари шундаки, анъанавий банк сизга пулни қарзга беради ва устига фоиз қўяди. Яъни, пул ортидан пул туғилади. Исломий банкда эса пул нақд ҳолатда берилмайди. Банк сизга керакли реал активни (автомобиль, бино, ускуна) ўзи сотиб олади ва сизга устама ҳақ қўйиб, бўлиб-бўлиб тўлашга сотади. Оддий банкда мижоз бизнесида зарар кўрса ҳам, барибир кредит фоизини тўлашга мажбур. Исломий банкда эса шерикчилик тамойили ишлайди: банк лойиҳага сармоя киритади, агар бизнес фойда кўрса фойда, зарар кўрса зарар ҳам келишилган пропорцияда ўртада баҳам кўрилади.
Ҳар бир исломий банк таркибида давлат назоратидан ташқари махсус Шариат кенгаши фаолият юритади. Улар банкнинг ҳар бир шартномаси ва лойиҳасини Ислом ҳуқуқи меъёрларига мослигини текширади ва ҳалол деб топилгандагина рухсат беради. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда исломий банк тизимининг қонуний йўлга қўйилиши шунчаки диний эҳтиёж эмас, балки йирик иқтисодий ислоҳот ҳамдир. Бу Ўзбекистон учун ва унинг аҳолиси, шунингдек иқтисодиёти учун ҳам катта фойда ва қулайликдир.
Хулоса қилиб айтганда, исломий банкларнинг Ўзбекистонга кириб келиши шунчаки фоизсиз кредит дегани эмас. Бу молия тизимини реал активларга боғлаш, тадбиркор билан банк ўртасида адолатли таваккал тақсимотини йўлга қўйиш демакдир. Тизим тўлиқ ишга тушгач, иқтисодиётга миллиардлаб блокланган ички маблағлар оқиб кира бошлайди ва бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсишига ҳам кучли туртки беради.
Висола ИКРОМОВА,
ЎзА